Жаҳон - 15:08 · 12.05.2022

Зеленский Россия билан урушни тўхтатиш шартини маълум қилди

Украина президенти Владимир Зеленский Россия билан урушни мамлакатнинг бутун ҳудудлари қайтарилгандан кейингина тугатиш мумкинлигини айтди. Бу ҳақда «УНИАН» хабар берди.

Фото:  Украина президенти матбуот хизмати

Президент Париждаги Сиёсий тадқиқотлар институтининг француз талабалари билан видеомулоқотда бу бўйича гапирган.

«Биз ўзимизга тегишли бўлган ҳамма нарсани қайтариб олсак, урушни тугатамиз. Агар Украина ҳужумдан олдин NATOда бўлганида эди, бундай уруш бўлмасди. Уруш Украина халқига тегишли нарсалар қайтариганида тугайди. Бу тўғри, очиғини айтаман: бизга ортиқча нарса керак эмас. Юртимизга, еримизга тинчлик қайтишини хоҳлаймиз. Россия ўз навбатида барча ҳуқуқларимизни тортиб олди: еримизга бўлган ҳуқуқ, танлов ҳуқуқи», — деган президент.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир Украина ўзининг яшаш ҳуқуқи учун курашмоқда, шу билан бирга энг яхши украиналикларни йўқотмоқда. Зеленский Россия ўз қарорларининг хавфли бўлганини тан олган ва жиноятлари учун адолатли жазо олишга тайёр бўлгандагина у билан самарали музокаралар олиб бориш мумкинлигини айтган.

«Бироқ Буча, Ирпен ва Мариуполда бўлгани каби, озод қилинган қишлоқда тинч аҳолини оммавий қатл қилиш ҳолатлари Россия билан мулоқот камаётганини билдиради. Аммо музокаралар давом этса ҳам, у Россиядек ультиматумлар эмас, балки мулоқот форматида ўтказилиши керак», — деган Зеленский.

Аввалроқ Путин Украинага нима сабабдан уруш бошлаганини тушунтирганди. Шунингдек, Зеленский Украинанинг асосий мақсади нимадан иборатлигини айтган.