Андижон, Жамият - 17:48 · 13.05.2022

Андижонда ҳоким ёрдамчиси молхонада осилган ҳолда топилди

Андижон вилояти Марҳамат туманида собиқ ҳоким ёрдамчиси ўз хонадонининг молхонасида осилган ҳолда топилгани бўйича хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Бош прокуратура матбуот хизмати «Bugun.uz»га маълумот берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, ҳозирда Марҳамат туман прокуратураси томонидан 16 апрель куни соат 16:15 да 1984 йилда туғилган Марҳамат тумани Шўрқақир МФЙ Давлатобод кўчасида яшаган М. Ф.нинг яшаш хонадонидаги молхонанинг тўсинига арқондан сиртмоқ ясаб, унга ўзини-ўзи осиб вафот этгани ҳолати юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.

Таъкидланишича, текширув давомида фуқаро М.Ф.га нисбатан бирон шахс томонидан муттасил равишда тазйиқ ўтказиш, ҳақорат қилиш ва бошқа ноқонуний ҳаракатлар содир этилмаганлиги маълум бўлган. Шунингдек, суд-тиббий экспертизасининг 2022 йил 5 майдаги 171-сонли хулосасида М.Ф.нинг ўлимига осилиши туфайли бўйин соҳаси аъзоларини сиртмоқ билан қисилиши натижасида келиб чиққан механик асфиксия, бўйин соҳасидаги кенг, очиқ странгуляцион эгат мавжудлиги, бўйин юмшоқ тўқималарига қон қуйилиши, ўпкани вицерал плевра варақлари ва юракни эпикард остига қон қуйилишлари (Тардъе доғлари), ўткир ҳолда юрак қон томир ва нафас етишмовчилиги сабаб бўлганлиги кўрсатилган.

Хабарга кўра, марҳум 2022 йил 11 январдан 2022 йил 1 апрельга қадарли Полвонтош МФЙнинг тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлаган.

«Ҳолат юзасидан бир қатор фуқаролар дан тушунтириш хатлари олинган. Ҳозирда туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув давом эттирилмоқда. Натижаси ҳақида қўшимча равишда ахборот тақдим этилиши таъминланади», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда ҳоким ёрдамчиси 35 минг доллар пора билан ушланганди. Шунингдек, Зангиотада маҳаллабай ишлаш бўйича ҳоким ёрдамчиси пора билан ушлангани хабар қилинганди.