Жамият - 17:16 · 13.05.2022

БМТда 33 давлат Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини тергов қилишни қўллаб-қувватлади

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари кенгаши Киев, Чернигов, Суми ва Харьков вилоятларида Россия қуролли кучлари томонидан содир этилган ҳаракатларни тергов қилишни кўзда тутувчи резолюцияга овоз берди. Бу ҳақда ташкилот сайтида хабар берилди.

Фото: «Reuters»

Тегишли қарор учун 33 давлат депутатлари овоз берган, 2 та давлат — Эритрея ва Хитой қарши чиққан. Ўзбекистон Арманистон, Боливия, Камерун, Куба, Ҳиндистон, Қозоғистон, Намибия, Покистон, Сенегал, Судан, Венесуэла қаторида бетараф қолган.

«Февраль ва март ойларининг охирларида Россия ишғоли остида бўлган ҳудудлар Европа қитъасида сўнгги ўн йилликлардаги энг ёмон инсон ҳуқуқлари бузилишига гувоҳ бўлди», — дейди Украина ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Эмине Жапарова.

Фото: «Фокус.ua»

Россия томонининг дипломати кенгашда қатнашмаган, ёзма жавоб юборган. «Коллектив Ғарб бу мамлакатдаги инқирозга олиб келган ҳақиқий сабабларни муҳокама қилиш ва уларни ҳал қилиш йўлларини излаш ўрнига, Россияни деномизация қилиш учун навбатдаги сиёсий қаршилик уюштирмоқда», — деган Москванинг Женевадаги БМТдаги доимий вакили Геннадий Гатилов.

Аввалроқ БМТ Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини қораловчи резолюция қабул қилганди. Резолюцияни қабул қилиш бўйича ўтказилган жараёнда 11 давлат, жумладан, Озарбайжон, Марокаш, Туркманистон, Ўзбекистон, Венесуэла ва бошқалар овоз беришда қатнашмаган.