Жаҳон - 20:34 · 13.05.2022

Британия Путиннинг собиқ хотини ва Алина Кабаевага санкция қўллади

Буюк Британия Россия президенти Владимир Путиннинг молиявий тармоғи, жумладан, унинг яқин доираларига қарши санкцияларнинг сўнгги босқичини эълон қилди. Бу ҳақда ҳукумат матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Getty Images»

Навбатдаги чекловлар Россия президентининг собиқ рафиқаси Людмила Очеретная, икки нафар амакиваччалари — Игорь ва Роман Путин, бошқа қариндошлари ва «дўстлари»га ҳам тегишли. Бадиий гимнастика бўйича Олимпия чемпиони, Миллий медиа гуруҳи директорлар кенгаши раиси Алина Кабаева ва унинг бувиси Анна Зацепилина ҳам санкциялар остида қолган.

Фото: Владимир Путин ва Людмила Очеретная / «PAP»

Тақдим этилган ҳужжатда Кабаева Россиянинг Украинадаги «махсус операция» бўйича позициясини фаол тарғиб қилаётган медиахолдинг раиси ҳисобланиши келтирилган.

Маълумот ўрнида, Кабаева 2004 йилда бадиий гимнастика бўйича Олимпиадада олтин медални қўлга киритган ва 2014 йилда Сочида бўлиб ўтган Қишки Олимпиада ўйинларида байроқдор бўлган. У олти йил давомида Путиннинг «Ягона Россия» партияси вакили бўлган. 2008 йилда Москва газетаси Путин рафиқаси Людмила Александровна билан яширинча ажрашгани ва гимнастикачи билан турмуш қуришни режалаштираётганини маълум қилган. Кремл мазкур хабарни рад этган ва нашрнинг фаолиятини тўхтатган. Путин рафиқаси билан 2013 йилда, 30 йиллик никоҳдан кейин ажрашишини эълон қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи Алина Кабаевага қарши санкция қўлламоқчилиги маълум бўлган. Шунингдек, АҚШ Путиннинг фарзандларига қарши санкциялар киритганди.