Жамият, Жаҳон - 21:00 · 13.05.2022

Бугун оқшоми. Президентнинг Фарғонадаги йиғилиши, Чусовитинанинг «кийинтириб кетилган» сурати, осилган ҳолда топилган ҳоким ёрдамчиси

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Тошкент шаҳрида Inkuzart томонидан деворга чизилган Оксана Чусовитинанинг суратига «юбка» чизиб кетилди. Бу ҳақда кўча рассоми ўзининг Instagram’даги саҳифасида маълум қилди.

Коллаж: «Bugun.uz»

Кадрлардан кўриниб турибдики, стрит-артни ўзгартирганларга байроқнинг ҳам туриши ёқмаган. «Байроқни ҳилпиратишнинг бошқа йўлини топа олмадингми» дейдиган одам йўқ.

Рассом Instagram Stories’да ўзининг ижоди номаълум автор томонидан ўзгартирилганига қуйидагича муносабат билдирган:

«Фақат Ўзбекистонда муаллифнинг расми бошқа рассом томонидан ўзгартирилади», — деган у.

Шунингдек, воқеага Оксана Чусовитинанинг ўзи ҳам муносабат билдирган.

Чусовитинага кўра, ушбу суратнинг чизилиши барча учун кутилмаган ёқимли янгилик бўлган. «Лекин, афсуски, жамиятимизда ҳали ҳам давлатимизнинг турли соҳаларида, хусусан, санъат ва спортда амалга оширилаётган ислоҳотларга ёт фуқаролар ҳам учраб турибди. Бундайлар учун ҳаётдаги ягона қувонч, афтидан, жамоат аҳамиятига эга бўлган объектларга зарар етказиш ва бузиш, таҳқирлаш ва йўқ қилиш ҳисобланади.

Менинг суратим билан қилинган ишларни фақат вандализм деб аташим мумкин. Шахсан менга Тошкент шаҳар ҳокимлиги қўнғироқ қилиб, бўлган воқеани айтди. Бундай эътибор учун жуда миннатдорман. Мен эса бепарво фуқароларга ўз-ўзини ривожлантиришга интилишларини, кўпроқ мумтоз ва илмий адабиётларни ўқиш, спорт билан шуғулланиш ва маънавий жиҳатдан юксалишни тилайман», — деган у.

Фото: Instagram/ @inkuzart

Нима ҳам дердик, Ҳожибой Тожибоев талқини билан айтганда, маънавиятли авлод тарбиялаш учун санъат асарларини булғаш шарт эмас.

Шавкат Мирзиёев иштирокида 13 май куни Фарғона шаҳрида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Биз тўғри йўлни танлаб олдик. Бу жойларда ўз натижасини бераяпти. Фарғона вилояти 801 миллион долларлик экспорт қилган. Иш бошлаганимизда 50 миллион долларни мўлжаллар эдик. Ҳозир 1 миллиард доллар экспорт тўғрисида гаплашяпмиз. Бу – вилоят маҳсулотлари дунё бозорига рақобатбардош бўлиб кириб боряпти, дегани. Бунинг учун ақл, билим, шижоат керак. Жорий йил якуни бўйича маҳаллий бюджетда 1 триллион сўм қолиши кутиляпти. Бунинг эвазига одамларга шароит, тадбиркорлик инфратузилмаси бўлади. Энди бу йўлни давом эттиришимиз керак.

Бу ерга келишдан олдин қабуллар ташкил қилдик. Аҳоли мурожаатларининг 45 фоизи жойида ҳал қилинган. Бу яхши ва биз бу амалиётни давом эттирамиз. Лекин савол туғилади: ҳоким, сектор раҳбарлари нима қилган? Бундай масъулиятсизлик, одамларни овора қилишга чек қўйиш керак», — деган Президент.

«Биз Фарғонадан катта натижалар кутамиз. Бу эл тарихдан илм, тартиб, маданият, ҳунармандлик бўйича намуна бўлган. Фарғоналиклар меҳнатсевар, ишбилармон. Бу салоҳиятни, ички имкониятларимизни тўлиқ йўлга қўйиб, халқимизни рози қилиш керак», — дея қўшимча қилган Шавкат Мирзиёев.

Фарғона шаҳридаги 12-сон мактабгача таълим муассасаси ҳудудида 16 та дарахт кесиб ташланди. Бу ҳақда Экология қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Экология қўмитаси ахборот хизмати

Қайд этилишича, воқеа жойига чиқиб ўрганилганда, мактабгача таълим муассасаси ҳудудида 1 дона чинор, 1 дона акация, 6 дона япон сафораси, 8 дона арча дарахтлари ўзбошимчалик билан кесиб ташланганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатда тегишли ҳужжатларга мувофиқ ўсимлик дунёсига жами 245 миллион 565 минг сўм етказилган зарар ҳисобланган. Ҳозирда тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этиш учун тайёрланмоқда.

Андижонда ҳоким ёрдамчиси молхонада осилган ҳолда топилди.

Фото: «Bugun.uz»

Андижон вилояти Марҳамат туманида собиқ ҳоким ёрдамчиси ўз хонадонининг молхонасида осилган ҳолда топилгани бўйича хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Бош прокуратура матбуот хизмати «Bugun.uz»га маълумот берди.

Маълум қилинишича, ҳозирда Марҳамат туман прокуратураси томонидан 16 апрель куни соат 16:15 да 1984 йилда туғилган Марҳамат тумани Шўрқақир МФЙ Давлатобод кўчасида яшаган М. Ф.нинг яшаш хонадонидаги молхонанинг тўсинига арқондан сиртмоқ ясаб, унга ўзини-ўзи осиб вафот этгани ҳолати юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.

Таъкидланишича, текширув давомида фуқаро М.Ф.га нисбатан бирон шахс томонидан муттасил равишда тазйиқ ўтказиш, ҳақорат қилиш ва бошқа ноқонуний ҳаракатлар содир этилмаганлиги маълум бўлган. Шунингдек, суд-тиббий экспертизасининг 2022 йил 5 майдаги 171-сонли хулосасида М.Ф.нинг ўлимига осилиши туфайли бўйин соҳаси аъзоларини сиртмоқ билан қисилиши натижасида келиб чиққан механик асфиксия, бўйин соҳасидаги кенг, очиқ странгуляцион эгат мавжудлиги, бўйин юмшоқ тўқималарига қон қуйилиши, ўпкани вицерал плевра варақлари ва юракни эпикард остига қон қуйилишлари (Тардъе доғлари), ўткир ҳолда юрак қон томир ва нафас етишмовчилиги сабаб бўлганлиги кўрсатилган.

Хабарга кўра, марҳум 2022 йил 11 январдан 2022 йил 1 апрелга қадар Полвонтош МФЙнинг тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлаган.

Хўш, оламда нима гап?

БМТда 33 давлат Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини тергов қилишни қўллаб-қувватлади.

Фото: «Reuters»

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари кенгаши Киев, Чернигов, Суми ва Харьков вилоятларида Россия қуролли кучлари томонидан содир этилган ҳаракатларни тергов қилишни кўзда тутувчи резолюцияга овоз берди.

Тегишли қарор учун 33 давлат депутатлари овоз берган, 2 та давлат — Эритрея ва Хитой қарши чиққан. Ўзбекистон Арманистон, Боливия, Камерун, Куба, Ҳиндистон, Қозоғистон, Намибия, Покистон, Сенегал, Судан, Венесуэла қаторида бетараф қолган.

«Февраль ва март ойларининг охирларида Россия ишғоли остида бўлган ҳудудлар Европа қитъасида сўнгги ўн йилликлардаги энг ёмон инсон ҳуқуқлари бузилишига гувоҳ бўлди», — дейди Украина ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Эмине Жапарова.

Россия томонининг дипломати кенгашда қатнашмаган, ёзма жавоб юборган. «Коллектив Ғарб бу мамлакатдаги инқирозга олиб келган ҳақиқий сабабларни муҳокама қилиш ва уларни ҳал қилиш йўлларини излаш ўрнига, Россияни деномизация қилиш учун навбатдаги сиёсий қаршилик уюштирмоқда», — деган Москванинг Женевадаги БМТдаги доимий вакили Геннадий Гатилов.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.