Жаҳон - 7:34 · 13.05.2022

Европага Россия нефть ва газидан воз кечиш қанчага тушиши ҳисоблаб чиқилди

Европа Иттифоқи мамлакатларига яқин беш йил ичида Россиянинг энергетик қарамлигидан қутулиш учун 195 миллиард евро керак бўлади. Бу ҳақда «Financial Times» хабар берди.

Фото: «UA.News»

Келтирилишича, бундай бюджет Европа Комиссияси томонидан тайёрланган тезлаштирилган энергияга ўтиш лойиҳасига киритилган. Унда Россия энергия ресурсларидан тезликда воз кечиш фақат тоза энергия ҳисобига амалга ошиши қайд этилган.

«Бунинг учун Европа давлатлари 2030 йилга бориб энергия сарфини режалаштирилганидек тўққиз эмас, балки 13 фоизга камайтириши керак бўлади. Бу энергия самарадорлигини кўпайтириш орқали амалга оширилади», дейилади хабарда.

Шунингдек, Европа келгуси саккиз йил ичида яшил водороддан йилига 20 миллион тоннагача фаол фойдаланиши кутилмоқда. Унинг катта қисми импорт қилиниши режалаштирилган. «Financial Times» маълумотига кўра, мазкур ҳужжат расман 18 май тақдим этилади.

Аввалроқ G7 давлатлари Россия нефтидан воз кечиш мажбуриятини олгани ва қайси давлатлар Россия газидан воз кечиши маълум қилинган.