Когон ТЙФУК томонидан ўтказилган тендерда комиссия раисининг опаси билан боғлиқ фирма ғалаба қозонди
«E-tender» порталида 6 май куни Когон туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан объектларига қум-шағал аралашмаси ва асфалто-бетон махсулотларини ташиб бериш хизмати бўйича қиймати 605 миллион сўмлик тендер натижалари эълон қилинди.
Фото: «Uzavtoyul.uz»
Тендер натижаларига кўра, икки иштирокчини бири бўлган «Ravon Karpareshin Trans» МЧЖ ишларни 600 миллион сўмга бажаришни таклиф қилиб, тендерда ғалаба қозонган.
Таҳририят Русланжон Отақулов билан боғланиб вазиятга аниқлик киритишга уринди. Комиссия раисининг сўзларига кўра, корхона аввал унинг опасига тегишли бўлган, аммо ҳозир у Найим Ҳамидовга қарашли.
Статиcтика қўмитаси маълумотига кўра, ҳақиқатан ҳам Ҳамидов Найим «Ravon Karpareshin Trans» МЧЖ таъсисчиси ҳисобланади, аммо раҳбар Отақулова Соҳиба Саъдуллаевналигича қолган. Русланжон Отақулов маълумотни хато деб атади ва қўмитага сўров юборишини билдирди.
Маълумот учун, Давлат харидлари тўғрисидаги қонунгакўра, давлат буюртмачилари давлат харидларини амалга оширишда ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, аффилланганлик (қариндошлик, ўзаро боғлиқлик) тўғрисидаги ахборотни тақдим этиши керак.