Жаҳон - 10:01 · 13.05.2022

«Кучли армия яратиш учун маблағ аямаймиз» — Садир Жапаров

Қирғизистон президенти Садир Жапаров кучли армия яратиш учун маблағни аямаслигини маълум қилди. Бу ҳақда мамлакат президенти матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати

Жапаров 12 май Қирғизистон Адлия вазирлиги ҳузуридаги Жазоларни ижро этиш хизматига қарашли бошқарманинг 80 йиллигига бағишланган тадбирда бу бўйича гапирган.

«Ҳарбий хизматчилар 80 йил давомида қасамёдга содиқ бўлиб, давлатимиз томонидан зиммасига юкланган масъулиятли вазифаларни қонунийлик асосида адо этиб келмоқда. Мамлакат Қуролли Кучларида бошқарма хизмати алоҳида ўрин эгаллайди. Сиз кечаю кундуз, иссиқ-совуқда барча қийинчиликларни енгиб, юртимиз тинчлиги ва барқарорлигини таъминламоқдасиз. Биз бошқармани ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрмиз ва юқори мудофаа қобилиятига эга кучли армия яратиш учун маблағимизни аямаймиз», — деган Жапаров.

Аввалроқ Садир Жапаров қирғиз-тожик можаросига муносабат билдирганди. Шунингдек, у айрим сиёсатчилар давлат тўнтариши режалаштирганини айтган.