Жамият - 22:32 · 13.05.2022

Марказий Осиё давлатлари ва Россия аёллари мулоқоти декларацияси қабул қилинди

Туркманистонда 13 май куни бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари ва Россия аёллари мулоқоти давомида тегишли деклараци қабул қилинди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Маълум қилинишича, мажлис якуни бўйича Марказий Осиё давлатлари ва Россия аёллари мулоқоти декларацияси қабул қилинган. Ҳужжатда мазкур давлатларнинг тинчлик, барқарорлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш мақсадида минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида эришган ютуқлари қайд этилган.

Хотин-қизларнинг бунёдкорлик ва тинчликпарварлик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришнинг самарали йўлларини ишлаб чиқиш Аёллар мулоқотининг устувор йўналишларидан бири эканлиги алоҳида таъкидланган.

Келтирилишича, 2022 йилга мўлжалланган Марказий Осиё аёллари мулоқоти Ҳаракатлари режаси ҳам имзоланган. Шунингдек, иштирокчилар Марказий Осиё ва Россия давлатлари аёллари мулоқотига бағишланган кўргазмага ташриф буюришди, экспозиция павильонларини, миллий стендларни кўздан кечиришди ва модалар кўргазмасида иштирок этишди, «Галкыныш» миллий от спорти ўйинлари гуруҳининг чиқишларини томоша қилган. Шу билан Ўзбекистон Олий Мажлиси делегациясининг Туркманистонга ташрифи якунланган.

Аввалроқ Тошкентда 28 октябрь куни Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти доирасида «Марказий Осиёда барқарор ривожланиш ва аёллар етакчилиги» мавзусида минтақавий конференция бўлиб ўтганди.