Жамият - 20:05 · 13.05.2022

Оксана Чусовитина суратининг «кийинтириб» кетилганига муносабат билдирди

Тошкент шаҳрида Inkuzart томонидан деворга чизилган Оксана Чусовитинанинг сурати ўзгартирилганди. Бадиий гимнастикачи мазкур ҳолатга муносабат билдирди.

Фото: «Bugun.uz»

Чусовитинага кўра, ушбу суратнинг чизилиши барча учун кутилмаган ёқимли янгилик бўлган. «Лекин, афсуски, жамиятимизда ҳали ҳам давлатимизнинг турли соҳаларида, хусусан, санъат ва спортда амалга оширилаётган ислоҳотларга ёт фуқаролар ҳам учраб турибди. Бундайлар учун ҳаётдаги ягона қувонч, афтидан, жамоат аҳамиятига эга бўлган объэктларга зарар этказиш ва бузиш, таҳқирлаш ва йўқ қилиш ҳисобланади.

Менинг суратим билан қилинган ишларни фақат вандализм деб аташим мумкин. Шахсан менга Тошкент шаҳар ҳокимлиги қўнғироқ қилиб, бўлган воқеани айтди. Бундай эътибор учун жуда миннатдорман. Мен эса бепарво фуқароларга ўз-ўзини ривожлантиришга интилишларини, кўпроқ мумтоз ва илмий адабиётларни ўқиш, спорт билан шуғулланиш ва маънавий жиҳатдан юксалишни тилайман», — деган у.

Маълумот ўрнида, деворга чизилган граффитининг 2021 йилги кўринишида Оксана Чусовитинанинг спорт кийими калтароқ бўлган. Кирилитган ўзгаришга кўра, спортчининг кийими узунроғига алмаштирилган. Рассом Instagram Stories’да ўзининг ижоди номаълум автор томонидан ўзгартирилганига қуйидагича муносабат билдирган:

«Фақат Ўзбекистонда муаллифнинг расми бошқа рассом томонидан ўзгартирилади», — деган у.

Коллаж: «Bugun.uz»

Аввалроқ Inkuzart Тошкентда коррупцияга қарши граффити чизгани ҳамда Антикоррупция агентлиги директори ғояни қўллаб-қувватлагани ҳақида хабар берилганди.