Жамият - 14:06 · 13.05.2022

Ўзбекистон ҳукумати Қозоғистондаги «авария» бўйича ишчи гуруҳ тузди

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповнинг 13 май кунги топшириғига асосан Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси бўйича ишчи гуруҳ тузилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Kazinform»

Қайд этилишича, гуруҳ Жуалин тумани ҳудудида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида жабрланган Ўзбекистон фуқароларига зарур ёрдам кўрсатиш мақсадида тузилган.

Уларни Ўзбекистонга қайтариш ҳамда ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш мақсадида Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари раҳбарлигида Ички ишлар, Ташқи ишлар, Соғлиқни сақлаш ва Транспорт вазирликлари масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, Қозоғистонга юборилган.

«Ҳамкорликда амалга оширилаётган зарур ишлар юзасидан қўшимча маълумотлар бериб борилади», дейилади вазирлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида 12 май куни ичида ўзбекистонликлар бўлган автобус ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир қилганди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу «авария»да 2 ўзбекистонлик ҳалок бўлганини маълум қилган.