Жаҳон - 22:33 · 13.05.2022

Ўзбекистонда Starlink’нинг қачон ишга туширилиши маълум бўлди

Starlink сунъий йўлдош интернети Ўзбекистонда тахминан 2023 йилда ишлай бошлаши маълум бўлди. Бу ҳақда «SpaceX» веб-сайтидаги интерактив харитада маълум қилинди.

Фото: «SpaceX»

Харитага кўра, ҳозирда хизмат 32 та давлатда, асосан, ривожланган мамлакатларда мавжуд. Қамров ҳудудига Европанинг катта қисми, жанубий Австралия, Янги Зеландия, шунингдек, АҚШ ва Мексиканинг аксарият қисми, Канада, Чили ва Бразилиянинг бир қисми киради.

Маълумот ўрнида, «SpaceX» компанияси вакилига Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очиш бўйича таклиф берилганди. «Space Technology Conference STC-2022» халқаро конференцияси доирасида 10 май куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов «SpaceX» компанияси вакили Бен МакВильямс билан учрашув ўтказган.

Учрашувда «SpaceX» бугунги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида йирик лойиҳаларни амалга ошириб келаётгани қайд этилган. Шунингдек, компания вакили Ўзбекистонда ҳам шундай лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканини билдирган.

Шу билан бирга, АКТ вазирлиги томонидан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида компания вакилига Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очиш бўйича таклифлар берилган. Мулоқотда томонларни қизиқтирган саволлар юзасидан атрофлича фиклар алмашилган.

Аввалроқ TikTok компаниясига Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очиш бўйича таклиф берилгани маълум қилинганди.