Жамият - 19:24 · 13.05.2022

Қонли йўллар: яна қанча одам ўлиши керак?

Самарқандда ҳайдовчиси ухлаб қолган «Nexia» бетон тўсиққа урилиб, ёниб кетгани хабар қилинганди. Оқибатда 4 киши ҳалок бўлган. Жиззахда ҳам ЙТҲга учраган «Cobalt» ёниб кетган. Аслида, бу каби ҳолатлар ҳар куни турли ҳудудларда қайд этилмоқда.

Қуйида «Bugun.uz» ва «Взгляд.uz» нашрларининг бирлашган таҳририяти раҳбари Бекзод Нугманов тез-тез учраб турган ЙТҲлар ва бунинг сабаблари ҳақида фикр юритади.

Коллаж: «Bugun.uz»

Унинг сўзларига кўра, автоҳалокатларнинг аксарида ҳайдовчилар тезликни ошириши, бунинг оқибатида бошқарувни йўқотиши, қоидаларга амал қимаслиги нохуш ҳолатга сабаб бўлган.

«Ҳар куни оддий бир хатони деб йўлларда одамлар ўлиб кетмоқда. Кимлардир бутун умр ногирон бўлиб қолмоқда. Шошма-шошарлик, қоидаларни менсимаслик ва бошқа қилиш шарт бўлмаган ҳаракатлар бир оилани фарзанддан ёки отадан, онадан айирмоқда. Бу жуда ачинарли, аммо аччиқ ҳақиқат.

Автомобиль 1 тонна металлдан иборат техника бўлса. Биз эса уни қўрқмасдан, ўйламасдан соатига 100 км тезликда ҳайдаймиз. Қони қайнаган ёшларимиз понт учун гўёки пойга ўйнагандек машинани тест қилиб кўрамиз, аслида бу бутун бошли ҳаётга нуқта қўяётган тест бўлиб чиқади… Рулга ўтирганимизда инсон эмас, гўёки қутурган одамларга ўхшаб қоламиз: оқибатларни ўйламаймиз, ўзимизни худдики Шумахердек ҳис қиламиз», — дейди Нугманов.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 2021 йил давомида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаларида 2 минг 436 нафар одам ҳалок бўлган.