12:39 | 13.05.22 189

Россия ва NATO тўқнашувига нима туртки бўлиши маълум қилинди

Тўқнашув ядро урушига олиб келиши мумкинлиги таъкидланган

Украинага қурол жўнатиш Россия ва NATO ўртасида тўғридан-тўғри тўқнашувга олиб келиши мумкин, бунинг эса тўлақонли ядро урушига айланиб кетиш хавфи бор. Бу ҳақда Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев хабар берди.

Фото: «Getty Images»

«Хорижий таҳлилчиларнинг Россия билан NATO уруши ҳақидаги гап-сўзлари тинмаяпти. Бундан ташқари, Ғарбнинг ‘гапирувчи бошлари’нинг беадаблиги тобора ойдинлашиб бормоқда. Улар Россия ядровий можаро билан дунёни қўрқитаётгани ҳақидаги тезисни кун тартибига киритишга уринмоқда», — деган Медведев.

Шунингдек, у Ғарб давлатлари ҳозирда «прокси уруш» олиб бораётгани, жумладан, улар Украинага қурол-аслаҳа киритаётгани, ёлланма аскарларни юбораётгани ва Россия чегаралари яқинида NATO махсус машқлар ўтказаётганини айтган.

«Натижада, бу тўлиқ миқёсдаги қарама-қаршиликка олиб келиб, хавф туғдириши мумкин. Бундай можаро ҳар доим тўлақонли ядро урушига айланиш хавфига эга. Бу ҳамма учун ҳалокатли сценарий бўлади. Шунинг учун ўзингизни ҳам, бошқаларни ҳам алдамаслик керак. Шунчаки ўз ҳаракатларингизнинг мумкин бўлган оқибатлари ҳақида ўйлаб кўринг», — деган Медведев.

Аввалроқ Медведев АҚШ Украинага 40 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам ажратганига муносабат билдирганди ва Россия ядро қуролдан фойдаланиши мумкин бўлган 4 та ҳолат маълум қилинган.