Жаҳон - 23:57 · 13.05.2022

Россияда 6 бараваргача қимматлашган эҳтиёт қисмлар, биргина сенатор тўхтатиб қўйган 40 миллиард, нефть эмбаргоси

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 13 май куни содир бўлган мазкур можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «ТАСС»

Россиялик фойдаланувчилар гаджетларида Android учун Chrome браузери янгиланишдан тўхтади. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар берди.

Маълум бўлишича, браузерни Android 10, 11 ва 12-версияларида ишлайдиган Samsung ва Xiaomi телефонларида янгилаб ёки қайта ўрнатиб бўлмаяпти. Android 9 операцион тизимида ишловчи Nokia телефонида эса бу муаммо юзага келмаган.

Украинага 40 миллиард долларлик ёрдам бериш тўғрисидаги ҳужжат АҚШ Сенати томонидан қабул қилинмади. Бу ҳақда «The Wall Street Journal» хабар берди.

Маълумотларга кўра, республикачи Ренд Пол қонуннинг қабул қилинишига қарши чиққан. У ажратилган маблағларни назорат қилишнинг аниқ механизмлари ишлаб чиқилгунга қадар ҳужжатни қабул қилишдан бош тортган.

Шунингдек, сиёсатчи қонун лойиҳасига Афғонистонни қайта тиклаш бўйича махсус бош инспектор Украинага юбориладиган пул ва қуролларни ҳам назорат қила олиши ҳақида банд қўшишни таклиф қилган.

Маълумот ўрнида, 11 май куни мазкур қонун лойиҳаси АҚШ Конгрессининг қуйи палатаси томонидан қабул қилинганди. Америка қонунчилигига кўра бир нафар сенатор қарши чиқса ҳам қонун лойиҳасини тезкор равишда қабул қилиб бўлмайди.

Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг, Россияда автомобиль эҳтиёт қисмлари ўртача 30 фоизга қимматлашди. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар берди.

Маълумотларга кўра, таъминотдаги қийинчиликлар бамперлар ва фараларнинг сезиларли даражада етишмаслигига олиб келган, бу эса баъзан нархларнинг тавсия этилган даражага нисбатан олти баробар ошишига сабаб бўлган. Автомобиллар учун электроника етказиб беришда ҳам узилишлар кузатилган.

Европа Иттифоқининг бир қанча давлатлари Россия нефтига нисбатан эмбаргони кечиктиришни таклиф қилди. Бу ҳақда «Bloomberg» хабар берди.

Маълум бўлишича, Европа Иттифоқининг бир қанча давлатлари Россия нефтини импорт қилишга тақиқ жорий этишни кечиктириш имкониятини кўриб чиқиш зарур, деб ҳисоблайди.

Агентлик қайси давлатлар ҳақида гап кетаётганига аниқлик киритмаган. Шу билан бирга, дипломатлардан бири агентликка маълум қилишича, баъзи мамлакатлар Европа Иттифоқининг эмбаргони кечиктириш қарори заифлик белгиси сифатида кўрилиши мумкинлигидан хавотирда.