Жаҳон - 16:03 · 13.05.2022

Россияда 82 ёшли пенсионерни ўлдирган ўзбекистонлик йигит қўлга олинди

Россиянинг Калининград шаҳрида 82 ёшли эркакни ўлдиришда гумон қилинган ўзбекистонлик 21 ёшли йигит қўлга олинди. Бу ҳақда «78.ru» хабар берди.

Фото: «Pixabay»

Жабрланувчининг қизи ҳолат юзасидан полицияга мурожаат қилган. Маълум бўлишича, 18 апрель куни унинг отаси шахсий «Renault Logan» машинасида кетган ва қайтиб келмаган. 20 апрель куни кечқурун пенсионернинг машинаси топилган, унинг ичида белкурак аниқланган. Ҳудудга узоқ бўлмаган жойда, ўрмонда, эркакнинг жасади топилган. Унинг танасида иккита жароҳат қайд этилган.

Жиноят содир этишда гумон қилиниб, 21 ёшли Ўзбекистон фуқароси ва Калининград шаҳрида яшовчи 40 ёшли фуқаро қўлга олинган. Тергов маълумотларига кўра, 18 апрель куни соат 17:00 дан 19 апрель куни соат 12:00 га қадар Таменгонт қишлоғи марказий кўчасидаги уйлардан бирида қўлга олинганлар пенсионер бошига қўллари ва буюм билан камида олти марта зарба берган.

Шунингдек, улар 50 минг рубль, банк карталари, мулк ҳужжатлари ва жабрланувчининг машинасини ўғирлаб кетган. Айбланувчилар жасадни машинада ўрмонга олиб кетган. Мазкур ҳолат юзасидан «Қотиллик» моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳибсга олинганлар эса изоляторга жойлаштирилган.

Аввалроқ Россияда ўзбекистонлик йигит вояга етмаган қизга тегажаклик қилгани ва мамлакатда Россияда ўзбекистонлик эркак икки кишини пичоқлаб ўлдиргани маълум қилинган.