Жамият, Фарғона - 21:28 · 13.05.2022

Шавкат Мирзиёев Фарғона шаҳрида очилган касб-ҳунарга ўқитиш маркази фаолияти билан танишди — фото

Шавкат Мирзиёев Фарғона шаҳрида очилган касб-ҳунарга ўқитиш маркази фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Жанубий Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги — KOICA билан шерикликда ташкил этилган ушбу мажмуада электроника, ахборот технологиялари, автомобилсозлик, тикувчилик, сартарошлик-косметология каби талаб юқори касблар бўйича мутахассислар тайёрланади.

Марказга барча замонавий ускуна ва жиҳозлар Жанубий Кореядан олиб келинган. Ўқув-машғулотлар ҳам ушбу мамлакат дастур ва қўлланмалари асосида ўтилади. Бунинг учун 5 нафар кореялик мураббий жалб этилган. Айни пайтда 240 нафар киши сабоқ олмоқда. Давлат раҳбари ўқув жараёнларини кўздан кечириб, ёшлар ва хотин-қизлар билан суҳбатлашган.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Ўқиш, изланишга ҳеч қачон кеч эмас. Келиб, касб ўрганаётганингиз эртанги кунингизга бефарқ эмаслигингиздан далолат. Бироз қийин бўлар. Лекин ўзингизни, фарзандларингиз келажагини ўйласангиз, шунга қунт қилинг. Қийинчилик ўтиб кетади, сиз бойлик яратаяпсиз», — деган Президент кореялик мураббийлар билан ҳам суҳбатлашиб, уларга миннатдорлик билдирган ҳолда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ҳозиргача мамлакатда бу каби марказлар Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларида бўлган. Фарғонада ташкил янги марказ эса водий вилоятлари аҳолисига хизмат кўрсатади. Узоқдан келиб, касб ўрганувчилар учун ётоқхона ҳам барпо этилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари ташриф давомида, шунингдек, шаҳардаги «Янги Ўзбекистон» массивининг қурилиш майдонида бўлган. 300 гектарли ушбу массивда 298 та кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилган. Шундан 80 таси бу йил тадбиркорлар томонидан барпо этилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, иккита умумтаълим мактаби, учта мактабгача таълим ташкилоти, тиббиёт муассасалари, савдо ва маиший хизмат шохобчалари, спорт мажмуаси ва масжид қурилади. 50 гектарда ташкил этиладиган кичик саноат зонаси аҳолини иш билан таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Массив ўртасидаги 70 гектар майдонда «Янги Ўзбекистон боғи» ва сунъий кўл ташкил этилади. Ҳозирданоқ 10 минг тупдан зиёд дарахт кўчатлари ўтқазилган. Жами 21 минг туп экилиши режалаштирилган. Шунингдек, Фарғона туманининг «Янги аср», Ёзёвон туманининг «Юқори сойбўйи» маҳаллаларида ҳам «Янги Ўзбекистон» массивларини барпо этилади. 2022 йилда Фарғона вилоятида жами 9 минг 429 квартирали 244 та кўп қаватли уй фойдаланишга тоширилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари ҳудудга коммуникация тармоқлари тортиш, уйларга замонавий хизмат кўрсатишни ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берган. Президент Фарғона вилоятига ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев иштирокида 13 май куни Фарғона шаҳрида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилганди.