Жаҳон - 14:38 · 13.05.2022

Шимолий Кореяда коронавирус фонида номаълум безгак тарқалди

Шимолий Кореяда коронавирусга чалиниш ҳолати кузатилиши фонида аҳоли орасида номаълум безгак тарқалди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Фото: «Shepparton News»

Маълум қилинишича, апрель ойи охирида касаллик белгилари 350 минг кишида пайдо бўлган. Хасталикдан 162,2 минг бемор тузалган, қолган 187,8 минг нафари эса изоляция қилинган ва даволанмоқда.

Таъкидланишича, 12-май, пайшанба куни мамлакатда ушбу номаълум безгакка чалинишнинг 18 минг ҳолати аниқланган. Ўз навбатида, безгак аниқланган 6 киши вафот этган, улардан бирида коронавирус аниқланган.

КХДР расмийлари шу кунгача мамлакатда коронавирус йўқлигини таъкидлаб келган. Бироқ 12 май куни КХДР Меҳнат партияси Сиёсий бюросининг йиғилишида мамлакат раҳбари Ким Чен Ин ковид ҳолати қайд этилганини айтган. У йиғилишда тиббий ниқоб таққан ҳолда кўриниш берган.

Мамлакатда илк ковид ҳолати 8 май куни Пхеньянда иситмаси кўтарилган беморда аниқланган. Унда «омикрон» штамининг «BА.2» варианти қайд этилган. Мамлакат расмийлари «максимал фавқулодда вазият» учун вирусни назорат қилиш тизими жорий этган.