Жамият - 23:01 · 13.05.2022

«Тошкент кўприклардан фойдаланиш» унитар корхонаси 3,2 млрд сўмлик тендерни бир кишига тегишли икки фирма ўртасида ўтказди

Транспорт вазирлигига тегишли «Тошкент кўприклардан фойдаланиш» унитар корхонаси томонидан 12 май куни ўтказилган тендер ҳақида маълумот жойланди. Тендернинг умумий қиймати 3 миллиард 264 миллион сўмга баҳоланган.

Фото: «Bugun.uz»

Тендер талабларига кўра ғолиб ташкилот Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятидаги корхона объектларига М75 маркали бетон маҳсулотини етказиб бериши керак бўлган. Тендерда икки корхона («Market Road» МЧЖ ва «Road Color» МЧЖ) қатнашган ва иккиси ҳам бир шахсга тегишли экани маълум бўлди.

Тендерда юқоридаги ишлар учун 3 миллиард 112 миллион сўм таклиф қилган «Market Road» МЧЖ ғолиб бўлди. «Market Road» МЧЖ 2021 йилнинг январь ойида ташкил этилган бўлиб, Тангирбердиев Санжарбек Абдумуминович ва Турдиев Жуллибой ўғлига тегишли. Шунингдек, Тангирбердиев Санжарбек Абдумуминович ушбу корхонада раҳбар вазифасида ҳам ишлаб келади.

Скрмн: «Stat.uz»

Айни вақтда, «Market Road» МЧЖнинг тендердаги ягона рақиби «Road Color» МЧЖ ҳам Тангирбердиев Санжарбек Абдумуминовичга тегишли. Статистика қўмитаси маълумотига кўра, Тангирбердиев Санжарбек «Road Color» МЧЖнинг 100 фоиз акциясига эгалик қилади.

Скрин: «Stat.uz»

Қизиғи, агар «Market Road» МЧЖнинг асосий иш фаолияти тайёр бетон ишлаб чиқариш бўлса, «Road Color» МЧЖ асосан бўёқлар, лаклар ва шу каби бўёвчи моддалар, босмахона бўёқлари ва мастикалар ишлаб чиқариш билан шуғилланади. Бундан ташқари, икки корҳона билан ҳам боғланиш учун бир телефон рақами қолдирилган.

Яъни ҳар қандай ҳолатда ҳам тендерда «Market Road» МЧЖ ютиши, ёки ҳар қандай ҳолатда ҳам Тангирбердиев Санжарбек Абдумуминович 3 миллиардлик тендерга эга бўлиши аниқ бўлган деган эҳтимол юзага келади.

Таҳририят мутасадди ташкилотлардан мазкур ҳолатни текширишни сўрайди.