Сиёсат - 13:33 · 13.05.2022

Тошкентда Афғонистон бўйича олий даражадаги халқаро конференция бўлиб ўтади

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида 13 май куни Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов иштирок этиб, нутқ сўзлади.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати

Вазир нутқи давомида Ҳамдўстлик саммитларида давлатлар раҳбарлари томонидан илгари сурилган ҳамда энг аввало МДҲ салоҳиятини кучайтириш, савдо-иқтисодий жараёнларни эркинлаштириш, таълим, фан, технологиялар, соғлиқни сақлаш ва маданият соҳаларидаги алоқаларни кенгайтириш, фуқароларнинг ҳаёт даражаси ва фаровонлигини ошириш, анъанавий ва янги таҳдид ва хавф-хатарлар билан курашишга қаратилган ташаббусларни амалга ошириш йўлида биргаликдаги ҳаракатларни давом эттиришни таклиф қилди.

Шунингдек, Ҳамдўстлик ҳудудида, биринчи ўринда, шимол-жануб йўналишидаги минтақалараро ва трансконтинентал транспорт йўлаклари тизимини, шу жумладан, Термиз–Мозори Шариф–Кобул– Пешовар йўналишидаги темир йўлини диверсификация қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳим экани таъкидланди.

«Афғонистонга тўхталганда, афсуски, халқаро ҳамжамиятнинг ушбу мамлакатдаги вазиятга эътибори сусайганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Айни пайтда у ердаги вазият оғир иқтисодий инқироз ва қийин гуманитар вазият кескинлигича қолиб, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликка таҳдидлар сақланиб қолмоқда.

Фикримизча, халқаро ҳамжамият ушбу мамлакатнинг бугунги куни ва келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига олиши ҳамда Афғонистоннинг оғир ижтимоий муаммоларини ҳал қилишда ёрдамни давом эттиришга қаратилган аниқ чораларни кўриши керак.

Муқаддас Рамазон ҳайити арафасида Ўзбекистондан Афғонистонга 58 вагондан иборат, 4 минг тоннадан ортиқ озиқ-овқат, дори-дармон ва кийим-кечак юкланган яна бир гуманитар ёрдам поезди жўнатилди», — дейди Владимир Норов.

Таъкидланишича, 2022 июль ойи охирида Тошкент шаҳрида Афғонистон бўйича олий даражадаги халқаро конференция бўлиб ўтади. Томонлар Афғон муаммосини ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида ушбу тадбирда иштирок этишга таклиф қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридан 30 апрель куни Афғонистонга навбатдаги инсонпарварлик ёрдами жўнатилганди, жараёнда бевосита иштирок этган «Bugun.uz» мухбири 58 та вагондан иборат гуманитар ёрдам Рамазон ҳайити муносабати билан юборилаётгани ва унинг таркибини маълум қилганди.

Ҳайитликни Ўзбекистон расмийлари — Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев ва Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов қўшни давлат томондан Забибуллоҳ Мужоҳид бошчилигидаги делегацияга топширган.