Жаҳон - 8:37 · 13.05.2022

Зеленский АҚШ ажратаётган 40 млрд доллар нималарга сарфланишини айтди

Украина президенти Владимир Зеленский АҚШ Конгресси Украина учун ажратган 40 миллиард доллар нималарга сарфланишини тушунтирди. Бу ҳақда «УНН» хабар берди.

Фото: Украина президенти матбуот хизмати

Зеленскийга кўра, маблағлар имкон қадар тез ва бюрократиясиз Украина мудофаасини кучайтириш учун сарфланади. «Бу биринчи навбатда қурол, ўқ-дорилар ва техника харидини ўз ичига олади. Ёрдам маблағи Россия ҳарбий жиноятларини тергов қилишни қўллаб-қувватлайди», — деган у.

Маълумот ўрнида, АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси Украинага ҳарбий, иқтисодий ва гуманитар ёрдам сифатида 40 миллиард доллар ажратишни назарда тутувчи қонунни маъқуллаган. Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев мазкур ёрдамга муносабат билдирган.

«Мисли кўрилмаган миқёсдаги бундай ‘ёрдам’ Украинага бўлган муҳаббат ва ўз иқтисодиётни қўллаб-қувватлашни билдирмаслиги аниқ. Бундан мақсад Россияга қарши прокси урушни давом эттириш, мамлакатимизни оғир мағлубиятга учратиш, унинг иқтисодий ривожланиши ва дунёдаги сиёсий таъсирини чеклашдан иборат», — деган Медведев.

Шунингдек, сиёсатчи АҚШ ҳарбий-саноат комплекси, шунингдек, Вашингтон ва Киевдаги коррупцион амалдорлар бу пулларнинг асосий манфаатдори бўлишини айтган. Медведев АҚШ молия тизимининг заифлиги ва ёқилғи, озиқ-овқат нархларининг кескин ошишига ишора қилиб, буни Россияга қарши санкциялар билан боғлаган.

Маълумот учун, прокси урушда учинчи давлат можаронинг икки иштирокчисидан бирини ҳарбий, ташкилий, сиёсий ёки бошқа ёрдам билан таъминлайди.

Аввалроқ Медведев Россия ядро қуролдан фойдаланиши мумкин бўлган 4 та ҳолат маълум қилганди. Шунингдек, Россия АҚШнинг рус олигархлари мулкини мусодара қилиш режасини баҳолаган.