Жаҳон - 16:20 · 14.05.2022

Афғонистон Ўзбекистон билан темир йўл режасини якунламоқчи

Афғонистон Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттақий Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари ва Савдо вазири билан виртуал учрашувида икки давлат ўртасидаги «темир йўл режасини якунлаш» масаласини муҳокама қилди. Бу ҳақда «TOLO News» хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, учрашув чоғида ҳар икки томон ҳам савдо, транзит ва Мозори Шариф—Кобул—Пешовар темир йўлини ривожлантиришга чақирган. Афғонистон темир йўли департаменти раҳбари Бахт-ур-Раҳмон Шарафат транс-афғон темир йўли қурилишида олға силжиш бўлиб, бир ой ичида уни ўрганиш бошланишини айтган.

«Техник гуруҳлар шу ойда ўз ишини бошлаши кутилмоқда, ҳозир барча бўлимларда бу масала муҳокама қилинмоқда», — деган Шарафат.

Афғонистон Савдо-саноат ва инвестиция палатаси Марказий Осиёни Афғонистон орқали Жанубий Осиё билан боғлаш мамлакат савдо алоқаларининг ўсишига ижобий таъсир кўрсатишини билдирган. «Учала давлат учун темир йўлнинг мавжудлиги уларнинг экспорт ва импорт савдосида жуда муҳим рол ўйнайди ва биз буни олқишлаймиз», — деган афғон расмийси.

Айни пайтда Иқтисодиёт вазирлиги Трансафғон темир йўли ишга тушиши билан бир қанча вилоятларда мамлакат фуқаролари учун иш ўринлари яратилишини айтган.

Афғонистон темир йўллари томонидан тайёрланган режага кўра, Трансафғон темир йўли Мозор, Саманган, Пул-э-Хумри, Кобул, Лўгар ва Жалолободдан ўтиб, Покистонга етиб боради.

Таъкидланишича, Афғонистон Ички ишлар вазирлиги лойиҳа ва темир йўл техник гуруҳлари хавфсизлигини таъминлаш учун жавобгар.

Аввалроқ «Мозори Шариф—Кобул—Пешовар» темир йўл қурилиш лойиҳаси ҳақида маълумот берилган. Шунингдек, «Толибон» Ўзбекистонни Покистон билан боғлайдиган темир йўл йўналишини тасдиқлаган.