Жаҳон - 14:42 · 14.05.2022

Бирлашган Араб Амирликларига янги президент сайланди

Бирлашган Араб Амирликларининг Федерал Олий Кенгаши Абу-Даби валиаҳд шаҳзодаси Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённи БАА президенти этиб сайлади. Бу ҳақда «Al Arabiya» хабар берди.

Фото: «Khaleej Times»

Маълум қилинишича, 61 ёшли Шайх Муҳаммад БААнинг учинчи президентига айланди. 14 май куни Абу-Дабидаги ал-Мушриф саройида Дубай ҳукмдори Шайх Муҳаммад раислигида йиғилиш ўтказилган. Учрашувда барча етти амирлик раҳбарлари иштирок этган. БААнинг собиқ президенти, Шайх Халифа бин Зоид Ол Наҳаён 13 май жума куни вафот этган.  У 1948 йил 7 сентябрда туғилган. У дунёдаги энг бой одамлардан бири ҳисобланган. «Forbes» унинг бойлигини тахминан 15 миллиард долларга баҳолаган. Шайх Халифа отаси вафотидан кейин 2004 йилдан бери БАА президенти лавозимида ишлаган. У БААнинг иккинчи президенти ва Абу-Дабининг 16-раҳбари бўлган.