Жаҳон - 8:34 · 14.05.2022

Британияда давлат хизматчилари сонини 91 минг кишига қисқартириш талаб қилинди

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон Вазирлар Маҳкамасидан давлат хизматчилари сонини 91 минг кишига қисқартиришни талаб қилди. Бу ҳақда «Daily Mail» хабар берди.

Фото: «BBC»

Унинг сўзларига кўра, пандемия даврида давлат тизимидаги ходимлар сони кўпайган, энди 90 мингдан ортиқ иш ўринларини қисқартириш вақти келган. «Биз яшаш нархини пасайтириш учун давлат харажатларини қисқартиришимиз керак. Ҳукумат солиқ тўловчилардан оладиган ҳар бир фунт уларнинг ҳаётига сарфланиши керак бўлган маблағдир», — деган Жонсон.

У жамғармаларни британияликлар солиқларини камайтириш учун ишлатишни таклиф қилган. Жонсон вазирларга давлат хизматчилари сонини 91 минг кишига (умумий давлат хизматидагиларнинг бешдан бир қисми) қисқартириш режасини ишлаб чиқиш учун бир ой муҳлат берган. Қайд этилишича, мазкур қарор йилига қарийб 3,5 миллиард фунт (тахминан 4,3 миллиард доллар) тежаш имконини беради.

Аввалроқ Британия парламенти мамлакат бош вазирига нисбатан тергов бошлаганди. Шунингдек, Британия бош вазирининг локдаунда зиёфат уюштирган сурати эълон қилинган.