Жамият - 21:20 · 14.05.2022

Бугун оқшоми. Ўзбекистонликлар энг кўп ишлатган эможи, БААнинг янги президенти ва уни табриклаган Шавкат Мирзиёев

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Ўзбекистонда қайси эможи кўп қўлланилиши маълум бўлди.

Фото: «Bugun.uz»

Crossword-Solver компанияси дунё бўйлаб энг оммабоп эможини аниқлаш учун 9 миллиондан ортиқ геотегли твитларни таҳлил қилди. Тадқиқотда Ўзбекистонда «қувонч кўз ёшлари тасвирланган юз»дан фойдаланиш юқорилиги маълум бўлди.

Бу эможидан 75 та давлатда кенг фойдаланилиши аниқланган. Улар орасида, АҚШ, Қирғизистон ва Озарбайжон ҳам бор. Қозоғистонда пушти юрак, Афғонистонда олов рангли юрак, Туркманистон ва Тожикистонда эса мамлакатнинг байроғи оммабоп бўлган. Россияда ҳиссиётларни ифодалашда «қизил юрак», Украинада мамлакат байроғи қўлланилган.

Қашқадарёда ҳоким ёрдамчиси фирибгарлик йўли билан 300 доллар олаётганда қўлга тушди.

Фото: «Bugun.uz»

Қашқадарё вилояти Ғузор туманида 12 май куни «Жонбулоқ» маҳалласи ҳоким ёрдамчиси фирибгарлик йўли билан 300 доллар олаётган вақтида қўлга тушди.

Маълум бўлишича, Э.Ф. олдин вилоят Бандлик бошқармасида бўлим бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатган бўлиб, 2022 йил 12 январдан бошлаб «Жонбулоқ» маҳалласида ҳоким ёрдамчиси лавозимида иш юритиб келган. Унинг ҳоким ёрдамчиси лавозимига ишга қабул қилинишида фаолият кўрсатиб келган иш жойидан ижобий тавсифланганлиги ҳам эътиборга олинган.

12 май куни ҳоким ёрдамчиси Э.Ф. ўз ваколатига кирмайдиган иш — Қарши туманида яшовчи фуқарони Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалига фельдшер лавозимига ишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, эвазига 300 АҚШ долларини олган вақтда жиноят устида қўлга олинган.

Ҳокимлик мазкур жиноий ҳаракатни «Жонбулоқ» маҳалласи ҳоким ёрдамчиси лавозими билан боғлиқ эмаслигини маълум қайд этган.

Фарғона ҳокимлиги Президент ташрифи давомида ҳунарманд бўлиб кўринган ҳайдовчи воқеасига изоҳ берди

Скрин: Telegram / @bugunuzlive

Ижтимоий тармоқларда Президентнинг Фарғона вилоятига ташриф доирасида Фурқат туманидаги «Уста Юсуфжон наққош» оилавий корхонасида бўлганида олинган суратда давлат раҳбарининг орқасида ўймакор шогирд либосида туман ҳокимининг ҳайдовчиси турганлиги қайд этилган хабарлар тарқалганди. Вилоят ҳокимлиги мазкур хабарга муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, мазкур хабар ортидан Президент билан мулоқот қилган яна бир уста тумандаги 21-мактаб директор ўринбосари экани ҳақида ҳам хабарлар пайдо бўлган. Таъкидланишича, ҳақиқатдан ҳам, расмда кўзга ташланган шахс туман ҳокимининг ҳайдовчиси Илҳом Аҳмаджонов бўлиб, у Ўзбекистон халқ устаси Муҳаммадали Юнусовнинг шогирдларидан бири ҳисобланади.

Илҳом Аҳмаджонов бир йилдан бери Фурқат туман ҳокимлигида ҳайдовчи бўлиб фаолият кўрсатиб келади. У аввалдан ўзида ўймакорликка, дурадгорликка қизиқиш борлиги сабаб, туманга келгач «Уста Юсуфжон наққош» оилавий корхонасида миллий ёғоч ўймакорлиги санъати ўрганиш имконияти мавжудлигидан фойдаланиб, шогирд сифатида ҳунар сирларини ўргана бошлаган. Президент ташрифида ҳам корхонада доимий фаолият олиб бораётган усталардан ташқари Ҳунармандлар мактабининг қатор ўрганувчилари ҳам бўлишганини эътиборга олганда, Илҳом Аҳмаджоновнинг ҳам улар қаторида у ерда бўлиши табиий ҳолат экани айтилган.

Маълум бўлишича, Фурқат тумани ҳокимлиги томонидан эълон қилинган видеода Илҳом Аҳмаджоновнинг ўймакорлик билан шуғулланиш жараёнлари ҳамда шогирдликда ортирган кўникмалари акс этган.

Айтилишича, Муҳаммадали Юнусовнинг корхонасида ўймакорлик ўрганаётган шогирдларнинг кўплари бошқа касб ҳамда иш эгалари ҳисобланади.

Давлат раҳбари билан мулоқот қилган Илҳомжон Сулаймонов, фаолияти давомида мактабда меҳнат фанидан ўқитувчи бўлган. Ҳозирда тумандаги 21-мактабда маънавий-маърифий ишлар бўйича 0,75 ставкада директор ўринбосар бўлиб ишлайди. У узоқ йиллардан бери амалий ўймакорлик билан шуғулланиши, «Уста Юсуфжон наққош» оилавий корхонасида тушдан кейин уста-ўргатувчи лавозимида ишлаши айтилган.

Хўш, оламда нима гап?

Бирлашган Араб Амирликларининг Федерал Олий Кенгаши Абу-Даби валиаҳд шаҳзодаси Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённи БАА президенти этиб сайлади.

Фото: «Khaleej Times»

Маълум қилинишича, 61 ёшли Шайх Муҳаммад БААнинг учинчи президентига айланди. 14 май куни Абу-Дабидаги ал-Мушриф саройида Дубай ҳукмдори Шайх Муҳаммад раислигида йиғилиш ўтказилган. Учрашувда барча етти амирлик раҳбарлари иштирок этган. БААнинг собиқ президенти, Шайх Халифа бин Зоид Ол Наҳаён 13 май жума куни вафот этган.  У 1948 йил 7 сентябрда туғилган. У дунёдаги энг бой одамлардан бири ҳисобланган. «Forbes» унинг бойлигини тахминан 15 миллиард долларга баҳолаган. Шайх Халифа отаси вафотидан кейин 2004 йилдан бери БАА президенти лавозимида ишлаган. У БААнинг иккинчи президенти ва Абу-Дабининг 16-раҳбари бўлган.

Ўз навбатида, Шавкат Мирзиёев Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённи БАА президенти этиб сайлангани билан табриклади.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Сизнинг сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Амирликлар ўртасидаги кўп қиррали ва узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини ҳар томонлама мустаҳкамлашга қўшиб келаётган беқиёс амалий ҳиссангизни ва кўрсатаётган эътиборингизни катта мамнуният билан эътироф этмоқчиман.

Келгусида ҳам биргаликдаги қатъий интилишларимиз ва доимий мулоқотларимиз натижасида давлатларимиз ўртасида жадал ривожланиб бораётган ўзаро ишонч, юксак ҳурмат ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш тамойилларига асосланган шериклигимиз изчил кенгайиб боришига аминман», — дейилган давлат раҳбарининг мактубида.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.