Жамият, Фарғона - 20:05 · 14.05.2022

Фарғона ҳокимлиги Президент ташрифи давомида ҳунарманд бўлиб кўринган ҳайдовчи воқеасига изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда Президентнинг Фарғона вилоятига ташриф доирасида Фурқат туманидаги «Уста Юсуфжон наққош» оилавий корхонасида бўлганида олинган суратда давлат раҳбарининг орқасида ўймакор шогирд либосида туман ҳокимининг ҳайдовчиси турганлиги қайд этилган хабарлар тарқалганди. Вилоят ҳокимлиги мазкур хабарга муносабат билдирди.

Скрин: Telegram / @bugunuzlive

Маълум бўлишича, мазкур хабар ортидан Президент билан мулоқот қилган яна бир уста тумандаги 21-мактаб директор ўринбосари экани ҳақида ҳам хабарлар пайдо бўлган. Таъкидланишича, ҳақиқатдан ҳам, расмда кўзга ташланган шахс туман ҳокимининг ҳайдовчиси Илҳом Аҳмаджонов бўлиб, у Ўзбекистон халқ устаси Муҳаммадали Юнусовнинг шогирдларидан бири ҳисобланади.

Илҳом Аҳмаджонов бир йилдан бери Фурқат туман ҳокимлигида ҳайдовчи бўлиб фаолият кўрсатиб келади. У аввалдан ўзида ўймакорликка, дурадгорликка қизиқиш борлиги сабаб, туманга келгач «Уста Юсуфжон наққош» оилавий корхонасида миллий ёғоч ўймакорлиги санъати ўрганиш имконияти мавжудлигидан фойдаланиб, шогирд сифатида ҳунар сирларини ўргана бошлаган. Президент ташрифида ҳам корхонада доимий фаолият олиб бораётган усталардан ташқари Ҳунармандлар мактабининг қатор ўрганувчилари ҳам бўлишганини эътиборга олганда, Илҳом Аҳмаджоновнинг ҳам улар қаторида у ерда бўлиши табиий ҳолат экани айтилган.

Маълум бўлишича, Фурқат тумани ҳокимлиги томонидан эълон қилинган видеода Илҳом Аҳмаджоновнинг ўймакорлик билан шуғулланиш жараёнлари ҳамда шогирдликда ортирган кўникмалари акс этган.

Айтилишича, Муҳаммадали Юнусовнинг корхонасида ўймакорлик ўрганаётган шогирдларнинг кўплари бошқа касб ҳамда иш эгалари ҳисобланади.

Давлат раҳбари билан мулоқот қилган Илҳомжон Сулаймонов, фаолияти давомида мактабда меҳнат фанидан ўқитувчи бўлган. Ҳозирда тумандаги 21-мактабда маънавий-маърифий ишлар бўйича 0,75 ставкада директор ўринбосар бўлиб ишлайди. У узоқ йиллардан бери амалий ўймакорлик билан шуғулланиши, «Уста Юсуфжон наққош» оилавий корхонасида тушдан кейин уста-ўргатувчи лавозимида ишлаши айтилган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев 12 май куни расмий ташриф билан Фарғона вилоятига жўнаб кетгани хабар қилинганди. Шунингдек, Президент янги қурилаётган Енгил саноат ва логистика марказини бориб кўрган.