Жамият, Фарғона - 19:31 · 14.05.2022

Фарғонада юк машинаси ағдарилиб кетиб, йўл четидаги 3 та машинага бориб урилди — видео

Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида 14 май куни юк машинаси ағдарилиб кетиб, йўл четидаги 3 та машинага бориб урилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Скрин: Telegram / @mobilmuxbiruz

Маълум бўлишича, 14 май куни соат 00:30 ларда Марғилон шаҳар ҳудудидан ўтган 4R-112 Фарғона ҳалқаси автомобиль йўлининг 228 километрида жойлашган айланма ҳаракатда 1997 йилда туғилган ҳайдовчи «MAN» русумли, ярим тиркамали йук автомобилини бошқариб кетаётиб, бошқарувни йўқотган. Оқибатда машина йўл четида тўхтаб турган «Lacetti-2», «Lacetti» ва «Cobalt» русумли машиналарга бориб урилган.

Воқеа оқибатида «Lacetti-2» ва «MAN» ҳайдовчилари тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган. Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан «Lacetti-2» ҳайдовчиси шифохонада вафот этган. Ҳозирда холат юзасидан Марғилон шаҳар Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан «MAN» ҳайдовчисига нисбатан Жиноят кодексининг 266 моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Тошкентда бошқаруви йўқотилган «Spark» бетон устунга урилганди. Шунингдек, Фарғонада юқори тезликда ҳаракатланган «Lacetti» дарахтга урилгани хабар қилинган.