Жаҳон - 11:32 · 14.05.2022

Кобулда намоз пайтида яна масжид портлатилди

Афғонистон пойтахти Кобулдаги масжид 13 май, жума куни намоз пайтида портлатилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Azerforum»/ Иллюстратив

Дастлаб портлаш оқибатида уч киши жабрлангани ҳақида маълумот берилган. Бироқ вақт ўтиб 10 киши ҳалок бўлгани ва 17 киши жабрлангани айтилган. Минтақада фаолият юритаётган экстремистик гуруҳларнинг ҳеч бири ҳозирча портлаш учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.

Маълумот ўрнида, Афғонистонда апрель ойида жума намози пайтида масжидда портлашлар кўпайган. Оҳирги портлаш 22 апрель куни кузатилган бўлиб, унда 30 нафардан ортиқ одам ҳалок бўлган. «Толибон» ҳаракати ҳодисага изоҳ бермаган. 19 апрель, сешанба куни Кобул ғарбидаги «Мумтоз» ва «Абдул-Раҳим Шаҳид» мактаблари ҳудудида 3 та кучли портлаш қайд этилган. Оқибатда 100 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.

21 апрель куни Мозори Шариф шаҳридаги «Се Докон» масжидида ҳам портлаш бўлган. Ҳодиса оқибатида беш киши ҳалок бўлгани, 65 киши жароҳатлангани айтилган. Айрим манбалар 18 киши ўлгани ва 30 киши жароҳатланганини хабар берган. Худди шу кун йўл четида ўрнатилган бомба оқибатида «Толибон» полицияси пикапи портлатилган. Ҳодисада ҳаракатнинг 4 нафар аъзоси ҳалок бўлган.