Илм-фан - 21:48 · 14.05.2022

Ковиддан кейин одамнинг IQ даражаси қандай пасаяди?

Кембриж университети ва Лондон Империал коллежи олимлари коронавирус одамнинг IQ даражасига қандай таъсир қилишини ўрганди. Бу ҳақда «Forbes» хабар берди.

Фото: «Shutterstock»

Тадқиқот давомида мия касалликнинг оғир босқичидан кейин қанчада тикланиши ўрганилган. Унда 28 ёшдан 83 ёшгача бўлган беморларнинг соғлиғи ҳақидаги маълумотлар  кўриб чиқилган. Улар коронавирус билан касалланган ва 2021 йилнинг март–июль ойларида касалхонага ётқизилган. Олинган маълумотлар соғлом одамларники билан таққосланган.

«Когнитив (ҳис қилиш) бузилиш кўплаб неврологик касалликлар, жумладан деманс (бош миянинг зарарланиши оқибатида юзага келади ва ақлий қобилият сезиларли даражада пасаяди) ва ҳатто нормал қариш учун характерлидир. Аммо COVID-19 мияда қолдирадиган ‘изи’ улардан кескин фарқ қилади», — деган Кембриж университети профессори Девид Менон.

Таъкидланишича, оғир COVID-19 билан касалланганларда когнитив бузилиш баъзан олти ойдан кўпроқ давом этади, беморлар касалликдан аста-секин даволанади. Тадқиқотда ковиддан тузалган беморларда 50 ёшдан 70 ёшгача бўлган одамларга хос қариш каби когнитив бузилиш кузатилган. Бундан ташқари, оғир ковид 10 IQ балл йўқотишга олиб келган. Тадқиқотчилар когнитив бузилиш касалхонада кислород аппаратига уланганларда янада кўпроқ кузатилганини айтган.

Аввалроқ ковиднинг инсон хотирасига қандай таъсир қилиши аниқланган. Шунингдек, коронавирусдан тузалгандан кейин кузатиладиган яна бир касаллик маълум қилинган.