Илм-фан - 21:53 · 14.05.2022

Ковиднинг яна бир салбий асорати маълум қилинди

Коронавирусдан тузалган беморларда оғриқни сезиш ҳисси йўқолади. Бу ҳақда «URA.ru» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Россиялик терапевт Константин Хомонов турли турдаги сезувчанликнинг йўқолиши постковид синдромига боғлиқ эканини айтган.

«SARS-CoV-2 вируси периферик нерв толаларига таъсир қилиши ортидан глиал ҳужайралар (асаб тизимидаги иккита асосий ҳужайра турларидан бири) зарарланади. Бунинг натижасида мия ва орқа мия марказларига импулсларнинг узатилиши бузилади. Кўпинча, бу гипералгезияни келтириб чиқаради, яъни оғриққа сезгирликни оширади, аммо тескари ҳодиса ҳам кузатилиши мумкин. Бунга қон айланишининг ёмонлашиши ҳам таъсир қилади, чунки ковидда тромб ҳосил бўлади», — деган у.

Таъкидланишича, бундай ҳолат оёқларда, қўлларда оғриқ сезувчанлигини пасайтиради.

Аввалроқ коронавирус кўз олдида доғлар пайдо бўлишига олиб келиши аниқланган. Шунингдек, нима учун одамлар коронавирусга қайта чалиниши маълум бўлган.