Жаҳон - 10:30 · 14.05.2022

Лавров Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан яқинлашувида жиддий силжиш борлигини айтди

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Тожикистон ва Ўзбекистоннинг Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи (ЕОИИ) билан яқинлашувида жиддий силжиш борлигини айтди. Бу ҳақда «ТАCC» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Лавров Душанбедаги МДҲ Вазирлар кенгаши йиғилиши якунлари бўйича 13 май куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида бу ҳақда гапирган.

«Менимча, бизда прогресс етарли даражада жиддий. Тожикистон ЕОИИ билан анчадан бери алоқада бўлиб келган ва бу масалалар билан шуғулланиш учун Душанбе махсус вакил тайинлаган. У ҳамкорликка олиб келадиган жиҳатлар ва ЕОИИга аъзоликни диққат билан кўриб чиқади», — деган у.

Вазирнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ҳам сўнгги бир-икки йил давомида мамлакат президенти қарори билан шундай йўл тутмоқда.

«Икки давлат президентининг келишувига кўра, икки томонлама Россия–Ўзбекистон ишчи гуруҳи тузилди. У амалий жиҳатларни кўриб чиқиб, Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи билан яқинлашув бўйича келиб чиқадиган масалалар юзасидан Тошкентга маслаҳат хизматларини кўрсатади», — деган Лавров.

Маълумот ўрнида, ЕОИИга Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия киради, Молдова, Куба ва Ўзбекистон эса кузатувчи давлатлар мақомига эга.

Аввалроқ Ўзбекистон ЕОИИ энергия бозорига қўшилиш имкониятини ўрганаётгани маълум қилинганди. Шунингдек, Президент Ўзбекистон ЕОИИ билан ҳамкорликни чуқурлаштириш тарафдори эканини айтган.