Жамият - 16:02 · 14.05.2022

Ўзбекистон Афғонистонга яна инсонпарварлик ёрдами юборадими?

Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридан 30 апрель куни Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами жўнатилганди. Гуманитар ёрдамни етказиб бериш давомида Президентнинг вакили Исматилла Эргашев «Bugun.uz»га Афғонистонга яна ёрдам юборилишини маълум қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Исматилла Эргашевнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ва Афғонистон тарихдан бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Шунингдек, у қўшни мамлакатда драматик воқеалар юзага келган пайтда ҳам улар билан муносабатлар ўзгармаганини айтган.

«Ўзбекистон билан Афғонистон асрлар оша бир-бирига қўшни бўлиб, Амударёнинг икки соҳилида яшаб келаётган халқ. Тарихимиз, динимиз, урф-одатларимиз ва тўй-маросимларимиз бирхил. Қадим замонларда қиз узатиб, қиз олиб юрган халқлармиз.

Дўстлигимизга намуна қилиб шуни айтишим мумкинки, Ғазна шаҳрида Абу Райҳон Берунийнинг зиёратгоҳи бор, Заҳириддин Муҳаммад Бобур Кобул шаҳрида, Алишер Навоий Ҳирот шаҳрида дафн этилган. Мана шу фактларнинг ўзи шуни кўрсатадики, биз бир-биримизга чамбарчас боғлиқмиз. Қандай қилиб биродар афғон халқи оғир кунларга юз тутганда ёрдам бермаслигимиз мумкин?

Ҳурматли Шавкат Мирзиёев Миромонович Президент этиб сайланганларидан кейин Ўзбекистоннинг Афғонистонга бўлган ташқи сиёсати бутунлай ўзгарди.

Августда Афғонистонда драматик воқеалар юзага келган пайтда ҳам улар билан муносабатларимизни ўзгартирмадик. Оғир кунларда ҳам Афғонистондаги дипломатик миссиямиз ўз фаолиятини давом эттирди. Яъни Мозори Шарифда бош консуллигимиз ва Кобулда элчихонамиз ишлаб турди», — деган у.

Шунингдек, Эргашев инсонпарварлик ёрдамлари давом эттирилиши ҳамда амалга оширилиши кутилаётган йирик лойиҳалар ҳақида гапирган.

«Инсонпарварлик ёрдамларини жўнатиш давом этади. Афғонистон муаммосини фақатгина гуманитар ёрдамлар билан ҳал қилиб бўлмайди. Ҳақиқатдан ҳам афғон халқи иқтисодий ривожланишга юз тутсин десак, Афғонистонда катта инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш керак. Шулардан иккитасини айтиб ўтмоқчиман, бу — оламшумул транспорт лойиҳаси. Термиз–Ҳайратон–Мозори Шариф–Кобул ва Пешовор темир йўлини қуриш. Бу икки муҳим минтақани афғонистон орқали боғлайди. Яъни Афғонистон кўприк вазифасини бажаради.

Иккинчиси, электр узатиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида Сурхон–Пули-Хумри электр линиясини қуриш. Ўйлайманки, қисқа муддатлар ичида афғон томони керакли масалаларни ҳал этса бу икки лойиҳа тезроқ ишга тушиб кетади», — дейди у.

Аввалроқ Президентнинг махсус вакили Афғонистонга юборилган гуманитар ёрдам мақсади ҳақида фикр билдирганди.