Жамият - 10:05 · 14.05.2022

Ўзбекистоннинг энг кўп ифлосланган дарёлари ва ҳудудлари маълум бўлди

Ўзбекистоннинг энг кўп ифлосланган дарёлари ва ҳудудлари маълум қилинди. Бу ҳақда «Ўзгидромет» хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, 13 май куни Ўзгидромет мажлислар залида 15 май — «Халқаро иқлим куни»га бағишланган «Гидрометеорология, иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит мониторинги долзарб муаммолари ва уларни ҳал этиш йўллари» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтган. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Қонунчилик палатаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази ҳамда ОАВ иштирок этган.

Жараён давомида Ўзбекистоннинг энг кўп ифлосланган дарёлари ва ҳудудлари маълум қилинган. Келтирилишича, ер усти сувлари холати устидан кузатувлар 59 та сув объектида, 85 та пунктда, 107 та кузатув нуқтасида 43 та таркибий қисмлар бўйича ҳар ойда амалга оширилади. Тахлил натижалари 90 фоиз сув ҳавзаларининг ифлосланиш бўйича сифат кўрсаткичлари — ўртача ифлосланган (3 синф) ёки ифлосланган (4 синф) сувлар синфига киришини, 10 фоиз сув ҳавзаларида эса тоза сувлар (2 синф) қайд этилган. Зарафшон, Чирчиқ, Салар дарёлари, Сиёб, Шўрўзак, ГПСК коллекторлари энг ифлосланган сув ҳавзалари сифатида қайд этилган.

Тупроқ ифлосланиши устидан кузатувлар ҳар йили баҳор ва куз фаслларида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг 107 та туманида жойлашган 212 та хўжаликларда олиб борилади. Шунингдек, 14 та саноат шаҳарларида 20 та кўрсаткичлар бўйича ҳам олиб борилади. Кўп йиллик таҳлиллар Андижон (1,3 дан 3,7) ва Фарғона (1,3 дан 2) вилоятларида ерларни хлорорганик пестицидларнинг қолдиқ миқдори билан ифлосланишини РЕМдан ортиши кузатилган.

Атмосфера ҳавосида кимёвий моддалар билан ифлосланиш устидан кузатувларлар ҳар куни 25 шаҳарларда 65 та стационар постларда олиб борилади, уларда атмосфера ҳавосида 10 та газли аралашмалар ва 4 та оғир металлар назорат қилинади (рух, мис, қўрғошин, кадмий).

Қайд этилишича, сўнгги бир неча йил ичида кўпгина шаҳарлар учун назорат қилинадиган ингредиентлар бўйича ҳавонинг ифлосланиш даражаси барқарорлиги қайд этилмоқда. 2010–2021 йилларда республикада ҳавонинг ифлосланиш даражаси пасайганлиги кузатилган бўлса, ифлосланиш индекси ўсиши Ангрен, Олмалиқ, Фарғонада шаҳарларида сақланиб қолган.

Умуман олганда, республикада атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси меъёр даражасида бўлиб, 2021 йил ноябрь–декабрь ва 2022 йил январь ойларида чанг бўронлари пайтида ҳавонинг максимал бир марталик ифлосланиши Гулистон, Олмалиқ, Чирчиқ, Тошкент, Бекобод, Ангрен, Бухоро, Навоий, Самарқанд шаҳарларида қайд этилган.

Сўнгги вақтда ҳавода чанг (РМ 2,5) миқдори тўғрисида маълумот долзарб масала бўлиб қолмоқда. Ўзбекистонда иқлимнинг кескин ўзгариши таъсирида юқори хароратни такрорланиши, атмосфера қурғоқчиликлари, гаримселлар, чанг бўронлари, шунингдек, саноат корхоналари, автотранспорт, қурилиш индустрияси ташламалари таъсирида аҳоли яшаш жойларида чангнинг меъёрдан ортишига сабаб бўлмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистонда атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси юқорилиги сабабли Адлия вазирлиги зарарли ва ёқимсиз ҳидларни ҳуқуқий тартибга солишни таклиф қилганди. Шунингдек, мамлакатда атмосфера ҳавосига корхона ва транспортлардан қанча чиқинди чиқарилгани очиқланганди.