Жамият, Қашқадарё - 17:43 · 14.05.2022

Қашқадарёда ҳоким ёрдамчиси фирибгарлик йўли билан 300 доллар олаётганда қўлга тушди

Қашқадарё вилояти Ғузор туманида 12 май куни «Жонбулоқ» маҳалласи ҳоким ёрдамчиси фирибгарлик йўли билан 300 доллар олаётган вақтида қўлга тушди. Бу ҳақда Ғузор тумани ҳокимлиги хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, Э.Ф. олдин вилоят Бандлик бошқармасида бўлим бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатган бўлиб, 2022 йил 12 январдан бошлаб «Жонбулоқ» маҳалласида ҳоким ёрдамчиси лавозимида иш юритиб келган. Унинг ҳоким ёрдамчиси лавозимига ишга қабул қилинишида фаолият кўрсатиб келган иш жойидан ижобий тавсифланганлиги ҳам эътиборга олинган.

12 май куни ҳоким ёрдамчиси Э.Ф. ўз ваколатига кирмайдиган иш — Қарши туманида яшовчи фуқарони Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалига фельдшер лавозимига ишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, эвазига 300 АҚШ долларини олган вақтда жиноят устида қўлга олинган. Бу ҳақда дастлаб «Nasafnews» хабар берган, ҳокимлик эса воқеа юзасидан батафсил маълумот берган.

Ҳокимлик мазкур жиноий ҳаракатни «Жонбулоқ» маҳалласи ҳоким ёрдамчиси лавозими билан боғлиқ эмаслигини маълум қайд этган.

Аввалроқ Андижонда ҳоким ёрдамчиси молхонада осилган ҳолда топилганди. Шунингдек, туман ҳокимлиги марҳум ҳақида қўшимча маълумот берган.