Жамият - 20:00 · 14.05.2022

Қашқадарёда Президент ташаббуси билан ўтказилган иншолар танлови ғолиблари аниқланди

Қашқадарё вилоятида таниқли киноижодкорлар, маданият арбоблари иштирокида Президент ташаббуси билан ўтказилган иншолар танлови ғолиблари аниқланди. Бу ҳақда Кинематография агентлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Кинематография агентлиги ахборот хизмати

Маълум бўлишича, вилоятда таниқли киноижодкорлар, маданият арбоблари иштирокида маданий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтган. Шунингдек, вилоят бўйлаб Ўзбекистон Кинематография агентлиги ва Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида иншолар танлови ҳам ташкил этилган. Умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун «Муҳаббат баҳори» фильми илк маротаба премьера қилиниб, фильм асосида «Кино қаҳрамонларидан ўрнак оламиз» мавзусида иншолар танловининг якуний босқичи ўтказилган.

Тадбир ҳақида Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов батафсил маълумот берган.

«Мактаб ўқувчилари ўртасида фильмлар намойиши ва иншолар танловини ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга тегишли. Бугун ушбу ғоя ҳаётга татбиқ этилди. Мазкур танлов 170 мингга яқин ўқувчини қамраб олди. Танлов доирасида мактаб ўқувчилари учун турли жанрларда ишланган фильмлар намойиш этилди. Финалгача эса 45 нафар ўқувчи етиб келди. Якуний босқичда ўқувчилар учун ўзбек халқининг суюкли шоирлари Ҳамид Олимжон ва Зулфиянинг ҳаёти, ижоди, ўзаро муҳаббати ва садоқати ҳақида ҳикоя қилувчи фильмнинг илк премьераси тақдим этилди. Ушбу танловни юқори савияда ташкил этгани учун ҳамкорларимиз — Ўзбекистон Президенти админстрацияси, Халқ таълими вазирлигига шунингдек, Ёзувчилар уюшмасига миннатдорчилик билдирамиз, — деган Фирдавс Абдухолиқов.

Қайд этилишича, Иброҳим Расуловнинг «Муҳаббат баҳори» фильми Кинематография агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган. Фильм Ўзбекистон халқ шоири Зулфия ва жамоат арбоби, шоир Ҳамид Олимжон ҳаёти ва ижодига бағишланган.

«Ушбу фильмни суратга олаётганимда уни биринчи навбатда мактаб ўқувчилари кўриши лозимлигини билардим ва бундан жуда хурсандман. Бу мен учун режиссёр сифатида катта совға бўлди» — деган фильм режиссёри Иброҳим Расулов.

Таъкидланишича, болалар фильмни томоша қилгандан сўнг ўз таассуротларини иншо шаклида ёзиб берган. Ҳакамлар ҳайъати томонидан энг яхшилари аниқланиб, ғолибларга қимматбаҳо совғалар топширилган. Шунингдек, танловда иштирок этган барчага фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари тақдим этилган.

«Ўқувчилар ўртасида бундай танловлар кўп ўтказилади, аммо бу галги танлов улар учун ғайриоддий ва эсда қоларли кечди. Ўзбекистоннинг буюк шоирлари Ҳамид Олимжон ва Зулфия ижодини ўрганиш мактаб ўқув дастурига киритилган ва бу борада фильмлар томоша қилиш, иншолар ёзиш болаларнинг дунёқарашини кенгайтиришига ишончимиз комил. Ўйлайманки, бу каби ташаббуслар таълим сифатига ижобий таъсир кўрсатади» — деган Халқ таълими вазири маслаҳатчиси Насиба Мамараимова.

Айтилишича, танлов финалигача 45 нафар ўқувчи етиб келган. Уларнинг барчасига «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумига оид китоблар совға қилинган. Шунингдек, барча совринли ўринларни қизлар қўлга киритгани таъкидланган. Танловда биринчи ўринни Ўктамова Севинч, иккинчи ўринни Хушмуродова Нилуфар эгаллаган бўлса, учинчи ўрин Яхшиева Севинчга насиб қилган. Иншолар танловининг ғолибларига мукофотларни Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Нодир Холбўтаев, Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов, Халқ таълими вазири маслаҳатчиси Насиба Мамараимова ва бошқалар тантанали равишда топширган.

Танлов ғолиби, Шаҳрисабз туманидаги 24-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Севинч Ўктамова тадбир ҳақида ўз таассуротлари ҳақида гапириб берган.

«‘Кино қаҳрамонларидан ўрнак оламиз’ мавзусида ўтказилган иншолар танлови бизни жуда ҳам илҳомлантирди. Биз кўп фильмларни томоша қиламиз, лекин улар ҳақида ўз фикримизни ёзмаймиз. Бундай имконият мазкур танловда тақдим этилди. Мактаб ўқувчиларига шундай ажойиб имкониятлар яратиб бергани учун Президентимиздан жуда миннатдорман. ‘Муҳаббат баҳори’ фильми менда катта таассурот қолдирди. Танловда фахрли биринчи ўринни эгалланимдан хурсандман, ушбу ютуқни нафақат ўзимнинг, балки устозларим ва ота-онамнинг ютуғи деб биламан», — деган Севинч Ўктамова.

Аввалроқ Кинематография агентлиги директори Бутунроссия кинематография институти ректори билан учрашганди. Шунингдек, Тошкентда Бутунроссия кинематография институти филиали очилиши маълум қилинган.

Bugun — LIVE