Жамият - 11:10 · 14.05.2022

Қозоғистондаги ЙТҲда ҳалок бўлган ва жабрланганлар Ўзбекистонга олиб келинди — фото

Қозоғистоннинг Жамбил вилояти Жуалин туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида жабрланганлар Ўзбекистонга олиб келинди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Маълум бўлишича, Президентнинг тезкор топшириғига асосан ҳукумат қарори билан Фавқулодда вазиятлар вазирининг ўринбосари А.Латифжонов бошчилигида ташкил этилган ишчи гуруҳ 13 май куни соат 18:05 да Жуалин туманининг марказий шифохонасига етиб борган. Қозоғистоннинг масъул идоралари раҳбарлари билан учрашган ва ҳамкорлик асосида ташкилий ва амалий ҳаракатлар олиб борилган. Улар Соат 23:40 да Жуалин туман марказий шифохонасидан йўлга чиқиб, 14 май куни соат 04:55 да Ўзбекистон ва Қозоғистон чегараси «Ғишткўприк» божхона масканига етиб келди.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Келтирилишича, Қозоғистон масъуллари юзага келган мазкур бахтсиз ҳодиса оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, жароҳатланганларга тез тиббий ёрдам кўрсатишда яқиндан кўмак беришди.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Ташқи ишлар, Соғлиқни сақлаш ва Транспорт вазирликлари ҳамкорлигида 2 нафар вафот этган фуқароларнинг жасадлари яшаш манзили – Бухоро ва Хоразм вилоятларига юборилди. Ҳозирда маҳаллий ҳокимликлар томонидан маросим тадбирларини ўтказиш юзасидан тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Бугун, 14 май куни бахтсиз ҳодиса оқибатида яна бир фуқаро вафот этди. Айни пайтда марҳумни олиб келиш юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Олиб келинган 23 нафар фуқародан, 18 нафар жароҳатланганлар Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказига жойлаштирилди, 5 нафар фуқаронинг аҳволи яхши бўлгани учун уйига жавоб берилди.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Ҳозирги вақтда марказга жойлаштирилган фуқароларнинг аҳволи шифокорларнинг қатъий назоратига олиниб, тегишли муолажалар ўтказилмоқда.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги