Жамият, Жаҳон - 20:39 · 14.05.2022

Шавкат Мирзиёев Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённи БАА президенти этиб сайлангани билан табриклади

Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари Қуролли кучлари Олий бош қўмондони ўринбосари, Абу Даби Амирлиги валиаҳди Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённи мамлакат Президенти этиб сайлангани билан табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Сизнинг сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Амирликлар ўртасидаги кўп қиррали ва узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини ҳар томонлама мустаҳкамлашга қўшиб келаётган беқиёс амалий ҳиссангизни ва кўрсатаётган эътиборингизни катта мамнуният билан эътироф этмоқчиман.

Келгусида ҳам биргаликдаги қатъий интилишларимиз ва доимий мулоқотларимиз натижасида давлатларимиз ўртасида жадал ривожланиб бораётган ўзаро ишонч, юксак ҳурмат ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш тамойилларига асосланган шериклигимиз изчил кенгайиб боришига аминман», — дейилган давлат раҳбарининг мактубида.

Аввалроқ Бирлашган Араб Амирликлари президенти Халифа бин Зоид Ол Наҳаён 73 ёшда вафот этгани хабар қилинганди. Шунингдек, Бирлашган Араб Амирликларининг Федерал Олий Кенгаши Абу-Даби валиаҳд шаҳзодаси Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённи БАА президенти этиб сайлаганди.