Жамият, Тошкент вил. - 8:06 · 14.05.2022

Тошкент вилоятида экология бўлими бош мутахассиси пора билан ушланди

Тошкент вилояти Бекобод туманида экология бўлими бош мутахассиси тадбирколикни бошламоқчи бўлган эркакдан 3 миллион сўм олганда ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Маълум бўлишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Бекобод туман бўлими ва ДХХнинг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан тезкор тадбир ўтказилган. Аниқланишича, туманнинг Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бош мутахассиси И.Э. фуқаро Н.га «Ачамайли» МФЙ ҳудудидаги дарё ўзанида жойлашган карьерда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслик учун пул сўраган.

Келтирилишича, у фуқародан 3 миллион сўм пора олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ ДХХ Навоийда МЧЖ бош муҳандисини тадбиркорнинг ишини танишлари орқали ҳал қилиб беришини айтиб, 1000 доллар олган вақтида ушлаганди.