Жамият, Тошкент вил. - 9:01 · 14.05.2022

Тошкент вилоятида қайнона келинини пичоқлаб ўлдирди

Тошкент туманида 5 май куни оилавий келишмовчилик сабаб қайнона келинини пичоқлади. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»/ Иллюстратив

Маълум бўлишича, 5 май куни соат 10:00 атрофида туманнинг Чинор 7-тор кўчасида яшовчи 1955 йилда туғилган аёл 1985 йилда туғилган келини билан оилавий келишмовчилик сабаб жанжаллашган.

Жанжал давомида аёл ошхона пичоғи билан келинининг чап кўкрак қисмига бир маротаба зарба берган. Олган тан жароҳати туфайли жабрланувчи шифохонага ётқизилган. Шифокорлар томонидан кўрсатилган зарур тиббий муолажаларга қарамасдан 9 май куни келин шифохонада вафот этган. Унинг 3 нафар фарзанди бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Айбланувчи аёлга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Тошкент тумани ички ишлар бўлими тергов бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Фарғонада қайната уйимга кетаман деб жанжал кўтарган келинини сўйиб ташлагани ҳақида хабар қилинганди.