Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти туризм форуми бўлиб ўтади
Тадбир Ўзбекистоннинг 2022 йилдаги ШҲТ саммитига раислиги доирасида ташкил этилмоқда
Тошкентдаги «Hilton Tashkent City» меҳмонхонасида 19-20 май кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг туризм соҳалари вакиллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтади. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, тадбир Ўзбекистоннинг 2022 йилдаги ШҲТ саммитига раислиги доирасида ташкил этилмоқда. 20 май куни академик ва ишбилармон доиралар, шунингдек, ташкилотга аъзо давлатларнинг туризм соҳаси вакиллари иштирокида «ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичи: туризм ва маданий мерос» номи остидаги туристик форум бўлиб ўтади. Форум иштирокчилари томонидан халқаро туризмнинг долзарб масалалари, ташкилотга аъзо давлатлар маданий меросини сақлаш ва тарғиб қилиш, шунингдек, туризм ва маданий мерос соҳасида илмий-техникавий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади.
Шунингдек, йиғилишда туризм соҳалари раҳбарлари туристик саёҳатларни қайта тиклашни жадаллаштириш бўйича қўшма ташаббуслар, туризмнинг иқтисодий ўсиш мультипликатори сифатидаги ролини оширадиган янги лойиҳа ва дастурларни кўриб чиқади. Йиғилишлар кун тартибидан Туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги битим ва ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида музей иши соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум лойиҳаларини мувофиқлаштириш ҳам ўрин олган.
Аввалроқ ШҲТ котибиятида Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси тақдимоти бўлиб ўтганди. Шунингдек, Тошкент шаҳрида 11 май куни Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотидаги раислиги доирасида «Халқ дипломатияси – тараққиёт учун ўзаро англашув» мавзусида ШҲТ Халқ дипломатияси форуми ўз ишини бошлаган.