Жаҳон - 23:30 · 14.05.2022

Украина Қримни қайтаришини айтган разведка раҳбари, жасадлари қайтариладиган рус аскарлари, ҳалок бўлган 12 ёшли бола

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 14 май куни содир бўлган мазкур можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «Associated Press»

Уруш бошланганидан бери Украинада тўқнашувлар оқибатида 227 нафар бола ҳалок бўлди. Бу ҳақда мамлакат Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.

Департамент, шунингдек, камида 420 бола жароҳатланганини қайд этган. Прокуратуранинг маълум қилишича, 1 май куни Луганск вилоятининг Попасна шаҳри ўққа тутилиши вақтида оғир яраланган 12 ёшли бола 12 май куни шифохонада вафот этган.

Украина «Азовсталь»дан 60 кишини эвакуация қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда «BBC» хабар берди.

Вақтинчалик босиб олинган ҳудудлар реинтеграцияси вазири Ирина Верешчукнинг айтишича, Украина завод ҳудудидан 60 кишини эвакуация қилиш бўйича музокараларни бошлаган.

«Бир неча юзлаб ярадорлар бор, уларни биринчи навбатда қутқариш керак», — деган сиёсатчи. Аввалроқ Ирина Верешчук Украина заводдан 38 нафар оғир ярадорни олиб чиқишга уринаётганини айтиб, музокаралар жуда қийин кечганини тан олганди.

Украина ҳарбий разведкаси раҳбари урушдан кейин Украина Донбасс ва Қримни қайтаришини айтди. Бу ҳақда «BBC» хабар берди.

Маълум бўлишича, Украина ҳарбий разведкаси раҳбари генерал-майор Кирилл Буданов бу ҳақда «Sky News» телеканалига берган эксклюзив интервьюсида гапирган. Унга кўра, фаол жанговар ҳаракатларнинг аксарияти йил охиригача якунланади, урушдаги бурилиш нуқтаси эса август ойининг ўрталарида бўлиши кутилмқоқда.

«Натижада биз йўқотган барча ҳудудларимизда, жумладан Донбасс ва Қримда Украина ҳокимиятини тиклаймиз», — деган Буданов. Интервьюда у, шунингдек, Россия учраётган «катта» йўқотишлар ҳақида ҳам гапирган.

Украина ҳарбий разведкаси раҳбари бу йўқотишлар кўламидан ҳайратда эмаслигини, чунки Россия ҳарбий қудрати ҳақидаги гаплар афсона эканини таъкидлаган. Бундан ташқари, Буданов рус армиясини «қуролли одамлар тўдаси» деб атаган.

Украина ҳалок бўлган россиялик ҳарбийларнинг жасадларини ватанига қайтараётганини маълум қилди. Бу ҳақда «BBC» хабар берди.

Маълум қилинишича, 13 май куни ҳарбийлар Киев ва Чернигов вилоятларида тўпланган жасадларни музлатгичли машиналарга ортиб, йиғаётгани қайд этилган. Украина ҳарбий-фуқаролик ҳамкорлиги раҳбари Владимир Лямзин ушбу қадам «халқаро гуманитар ҳуқуқ нормалари»га мос келишини айтган.

«Можаронинг фаол босқичи тугаганидан кейин томонлар бошқа давлат ҳарбийларининг жасадларини қайтариши керак. Украина жасадларни Россияга қайтаришга тайёр», — деган Лямзин.

Украинанинг бошқа ҳудудларида ҳам бир нечта музлаткичли поездлар борлиги хабар қилинган. Украина уруш бошланганидан бери 20 мингга яқин россиялик ҳарбий ҳалок бўлганини айтган. Россия эса 25-мартдан бери қурбонлар сонини янгиламаган, ўшанда 1351 киши ҳалок бўлгани хабар қилинган эди.