Жаҳон - 7:33 · 14.05.2022

Зеленский Россия қайси томондан мағлуб бўлганини айтди

Украина президенти Владимир Зеленский рус ҳарбийлари томонидан яқинда уюштирилган ракета зарбаларига изоҳ бериб, Россия қайси жиҳатдан мағлуб бўлганини айтди. Бу ҳақда «УНИАН» хабар берди.

Фото: «УНИАН»

Зеленскийга кўра, 13 май куни тунда рус ҳарбийлари Чернигов вилояти ва мактабларга зарба берган. «Албатта, Россия ҳозир шундай ҳолатдаки, ҳар қандай таълим унга тўсқинлик қилади. Аммо Украина мактабларини йўқ қилиш орқали нимага эришиш мумкин? Бундай буйруқ берадиган рус қўмондонлари шунчаки давосиз касалликка чалинган. Аммо улар вайрон қилган барча касалхоналар, бомбардимон қилинган мактаблар, университетлар, уйлар, кўприклар, корхоналарни тиклаймиз. Россия ҳарбийлари Полтава ва Кременчуг вилоятида бўлди. Одамларда бензин бўлмаслиги учун заводга ҳужум қилди. Улар ҳақиқатан ҳам касал. Запорожье вилояти, Донбасс шаҳарлари ва қишлоқларига ҳужум қилди, лекин бу уларга қандай ёрдам беради?» — деган у.

Шунингдек, Украина раҳбари Россия стратегик мағлубиятга учрагани, дунёдаги ҳамма бундан хабардор эканини айтган.

«Шунчаки, Россиянинг буни тан олишга ҳали журъати йўқ. Улар қўрқоқ бўлиб, ракета, ҳаво ва артиллерия зарбалари ортида ҳақиқатни яширишга ҳаракат қилмоқда. Шунинг учун бизнинг вазифамиз урушда ўз мақсадларимизга эришгунимизча жанг қилишдир», — деган Зеленский.

Аввалроқ Зеленский Россия билан урушни тўхтатиш шартини маълум қилганди. Шунингдек, Украина президенти Ғалаба кунида украиналикларга мурожаат қилганди.