17:08 | 15.05.22 256

Андижонда аёл уйида фоҳишахона ташкил қилгани аниқланди

У мижозлардан шароит яратиб бергани учун 250 минг сўм олган

Андижон вилояти Хонобод шаҳрида аёл уйида фоҳишахона ташкил қилгани аниқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Андижон вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 27 апрель куни Хонобод шаҳар Ички ишлар бошқармаси Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган.

Жараён давомида Қўрғонтепа туманида яшовчи аёл М.М. 250 минг сўм пул эвазига бир нафар эркак М.Б. ва аёл С.Б.га жинсий алоқа қилишга шароит яратиб бериб, фоҳишахона сақлаб келаётгани аниқланган. Олиб борилган терговга қадар суриштирув ҳаракатлари давомида М.М.дан холислар иштирокида 150 минг сўм пул ашёвий далил сифатида олинган.

Ушбу ҳолат юзасидан Хонобод шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан Жиноят кодексининг 131-моддаси (Қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Андижон вилояти Хўжаобод туманида уйида фоҳишахона ташкил қилган 34 ёшли аёл ушланганди. Шунингдек, Қарши шаҳрида 6 апрель куни 200 минг сўм эвазига уйида фоҳишахона ташкил қилган аёл қўлга олинганди. Ҳамда Бухоро вилояти Пешку туманида ўтказилган «Орият» тадбири давомида ўз уйида фоҳишахона ташкил қилган аёл аниқланганди.