Жамият, Жаҳон - 21:02 · 15.05.2022

Ҳафталик дайжест. «Ҳунарманд бўлиб кўринган» ҳоким ёрдамчиси, энг кўп ишлатилган эможи ва рус нефтидан воз кечадиган «катта еттилик»

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг сўнгги етти кунликдаги энг муҳим ва сара хабарлари жой олган ҳафталик дайжести.

Ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилади, давлат донни 2021 йилгидан икки баравар қиммат сотиб олади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фермер ва кластерлар ўзлари етиштирган ғалласини биржа савдоларига олиб чиқишлари учун барча имкониятлар яратилади, дея хабар берди бизга шерик «Kommers.uz» Президент матбуот хизматига таяниб.

Ўзбекистонда ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилади, давлат ресурслари учун сотиб олинадиган 1 тонна буғдой нархи 2021 йилдаги 1 миллион 550 минг сўмдан 2022 йил ҳосили учун 3 миллион сўмга оширилади. Президентнинг айтишича, давлат дон корхоналаридаги айни пайтдаги эскича тизим дон етиштирувчига ҳам, қайта ишловчи корхоналарга ҳам манфаат бермаяпти.

Шавкат Мирзиёев Фарғонага ташриф буюрди. Давлат раҳбари ташрифни Олтиариқ туманидан бошлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, маҳсулотларни кўпайтириш мақсадида туман чеккасидаги минг гектар адирликда узумчилик ва боғдорчилик плантацияси ташкил этилган.

Президент ушбу боғни келиб кўрган. Давлат раҳбари шу ерда фарғоналик деҳқонлар ва кластер раҳбарлари билан суҳбатлашган. Таъкидланишича, Президент Фарғона вилоятида мева-сабзавотчилик ва гулчиликни ривожлантириш бўйича лойиҳалар тақдимоти билан ҳам танишган.

Бундан ташқари, ташриф доирасида Шавкат Мирзиёев Учкўприк туманида бунёд этилаётган Енгил саноат ва логистика марказига борган.

13 май куни эса ташриф доирасида Фарғона шаҳрида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилган.

«Биз тўғри йўлни танлаб олдик. Бу жойларда ўз натижасини бераяпти. Фарғона вилояти 801 миллион долларлик экспорт қилган. Иш бошлаганимизда 50 миллион долларни мўлжаллар эдик. Ҳозир 1 миллиард доллар экспорт тўғрисида гаплашяпмиз. Бу – вилоят маҳсулотлари дунё бозорига рақобатбардош бўлиб кириб боряпти, дегани. Бунинг учун ақл, билим, шижоат керак. Жорий йил якуни бўйича маҳаллий бюджетда 1 триллион сўм қолиши кутиляпти. Бунинг эвазига одамларга шароит, тадбиркорлик инфратузилмаси бўлади. Энди бу йўлни давом эттиришимиз керак.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бу ерга келишдан олдин қабуллар ташкил қилдик. Аҳоли мурожаатларининг 45 фоизи жойида ҳал қилинган. Бу яхши ва биз бу амалиётни давом эттирамиз. Лекин савол туғилади: ҳоким, сектор раҳбарлари нима қилган? Бундай масъулиятсизлик, одамларни овора қилишга чек қўйиш керак», — деган Президент.

Ўзбекистонда қайси эможи кўп қўлланилиши маълум бўлди.

«Crossword-Solver» компанияси дунё бўйлаб энг оммабоп эможини аниқлаш учун 9 миллиондан ортиқ геотегли твитларни таҳлил қилди. Тадқиқотда Ўзбекистонда «қувонч кўз ёшлари тасвирланган юз»дан фойдаланиш юқорилиги маълум бўлди.

Фото: «Bugun.uz»

Бу эможидан 75 та давлатда кенг фойдаланилиши аниқланган. Улар орасида, АҚШ, Қирғизистон ва Озарбайжон ҳам бор. Қозоғистонда пушти юрак, Афғонистонда олов рангли юрак, Туркманистон ва Тожикистонда эса мамлакатнинг байроғи оммабоп бўлган. Россияда ҳиссиётларни ифодалашда «қизил юрак», Украинада мамлакат байроғи қўлланилган.

Фарғона ҳокимлиги Президент ташрифи давомида ҳунарманд бўлиб кўринган ҳайдовчи воқеасига изоҳ берди.

Ижтимоий тармоқларда Президентнинг Фарғона вилоятига ташриф доирасида Фурқат туманидаги «Уста Юсуфжон наққош» оилавий корхонасида бўлганида олинган суратда давлат раҳбарининг орқасида ўймакор шогирд либосида туман ҳокимининг ҳайдовчиси тургани қайд этилган хабарлар тарқалганди. Вилоят ҳокимлиги мазкур хабарга муносабат билдирди.

Скрин: Telegram / @bugunuzlive

Таъкидланишича, ҳақиқатдан ҳам, расмда кўзга ташланган шахс туман ҳокимининг ҳайдовчиси Илҳом Аҳмаджонов бўлиб, у Ўзбекистон халқ устаси Муҳаммадали Юнусовнинг шогирдларидан бири ҳисобланади.

Илҳом Аҳмаджонов бир йилдан бери Фурқат туман ҳокимлигида ҳайдовчи бўлиб фаолият кўрсатиб келади. У аввалдан ўзида ўймакорликка, дурадгорликка қизиқиш борлиги сабаб, туманга келгач, «Уста Юсуфжон наққош» оилавий корхонасида миллий ёғоч ўймакорлиги санъати ўрганиш имконияти мавжудлигидан фойдаланиб, шогирд сифатида ҳунар сирларини ўргана бошлаган. Президент ташрифида ҳам корхонада доимий фаолият олиб бораётган усталардан ташқари Ҳунармандлар мактабининг қатор ўрганувчилари ҳам бўлишганини эътиборга олганда, Илҳом Аҳмаджоновнинг ҳам улар қаторида у ерда бўлиши табиий ҳолат экани айтилган.

Хўш, оламда нима гап?

G7 давлатлари Россия нефтидан воз кечиш мажбуриятини олди.

Фото: «Shutterstock»

G7 давлатлари Россия энергия ресурсларини, биринчи навбатда, нефт ва газ импортини босқичма-босқич тўхтатишга ваъда берди. «Катта еттилик»нинг тегишли баёноти Украина президенти Владимир Зеленский иштирокидаги видеоконференция якунлари бўйича берилган. АҚШ ва Европа Иттифоқи ҳам Россияга нисбатан қўшимча чекловчи чораларни қўлламоқчилигини маълум қилган.

«Бу Путин иқтисодиётининг асосий артериясига қаттиқ зарба беради ва уни урушни молиялаштириш учун зарур бўлган фойдадан маҳрум қилади», дейилади хабарда.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Bugun — LIVE