Жаҳон - 23:02 · 15.05.2022

Ўғирликлар сони ошган Россия, Львовга учирилган ракеталар ва «Eurovision»да ғолиб бўлган украиналиклар

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 15 май куни содир бўлган можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «Reuters»

Сўнгги уч ой ичида Россия дўконларида ўғирликлар сони кўпайди. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.

Россияда уч ойда бир дўконда ўртача 130 га яқин ўғирлик қайд этилди ва бу бир йил олдингига нисбатан 18 фоизга кўп. Мазкур маълумотларни чакана сотувчилар билан ҳамкорликда юзни аниқлаш тизимини ишлаб чиқарувчи «NTechLab» компанияси очиқлади.

Таъкидланишича, «РБК» нашри сўровига кўра, компания 2022 йилнинг февралидан апрелигача чакана савдо дўконларида содир бўлган бундай ҳодисалар ҳақидаги «BIT» компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган тизим маълумотларини таҳлил қилган. Шунингдек, улар 2021 йилнинг шу давридаги статистик маълумотлар билан солиштирилган. Таҳлил нафақат озиқ-овқат чакана савдоси, балки кийим-кечак, болалар товарлари, уй-жой, боғ ва таъмирлаш учун маҳсулотлар сотиладиган дўконлардаги маълумотларни ҳам қамраб олган.

Озиқ-овқат дўконларида бундай жиноятлар сони 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 27 фоизга ошган. 2022 йилнинг февраль-апрель ойларида босқинчиларни энг кўп жалб қилган 5 та тоифага қандолат маҳсулотлари (жами ўғирликларнинг 19 фоизи), колбаса (16 фоиз), алкоголь (14 фоиз), пишлоқлар (13 фоиз), кофе ва какао (7 фоиз) киради.

Львов вилояти ҳукумати ҳудуддаги ҳарбий инфратузилма объекти Россия ракеталари томонидан вайрон қилинганини эълон қилди. Бу ҳақда вилоят маъмурияти раҳбари Максим Козицкий ўзининг Telegram каналида хабар берган.

Таъкидланишича, қанотли 4 та ракета номаълум объектга келиб урилган. Улар Қора денгиздаги сув ости кемаларидан учирилган бўлиши мумкин. Иккита ракета ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилган бўлиб, дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқ.

Шунингдек, Козицкий кейинроқ ракета ҳужумига учраган объект Польша билан чегара яқинида жойлашганини таъкидлаган.

Италиянинг Турин шаҳрида финали бўлиб ўтган 66- «Eurovision» танловида Украинанинг «Kalush Orchestra» этно-рэп гуруҳи ғолиб чиқди.

Финалда мазкур гуруҳ хип-хоп ва украин халқ мусиқаси уйғунлигидан иборат «Stefania» қўшиғини ижро этди.

Ҳакамлар ҳайъати ва томошабинларнинг овоз бериш натижаларига кўра, гуруҳ жами 631 балл олган. Ҳакамлар ҳайъати овозидан сўнг украиналиклар тўртинчи ўринни эгаллаган, аммо томошабинлар овозида улар 468 баллдан 439 балл олган.

Қайл этилишича, Украина жамоаси жорий мусобақанинг мутлақ фаворити ҳисобланган. Финал бошланишидан олдин букмекерлар мазкур гуруҳнинг ғалаба қозониш эҳтимолини 70–75 фоиз деб баҳолаган.

Ўз чиқишидан сўнг «Kalush Orchestra» дарҳол Мариуполь ва «Азовсталь» заводидаги одамларга ёрдам беришни сўраган. Саҳнадан шундай илтимос билан гуруҳ солисти Олег Псюк мурожаат қилган. «Барчангиздан илтимос қиламан. Илтимос, Украина Мариуполига ёрдам беринг! Ҳозироқ ‘Азовсталь’га ёрдам беринг!» — деган у инглиз тилида.

Украина президенти идораси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк Украина урушни бу йил якунлаши мумкинлигини айтди. Сиёсатчи бу ҳақда ўзининг Twitter саҳифасида ёзган.

Подолякнинг фикрича, Украина Россияга қарши узоқ давом этадиган урушдан манфаатдор эмас. «Биз урушни шу ойда тугата олмаймиз, лекин бу йил якунлашимиз мумкин. Ғалаба рецепти оддий: ҳақиқий нефть эмбаргоси ​​+ танклар, самолётлар ва артиллерия. Келинг, буни биргаликда тугатамиз», деб ёзган Подоляк.

NATO Бош котиби Йенс Столтенберг Украина бу урушда ғалаба қозониши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда «CNN» хабар берди.

«Россиянинг Украинадаги уруши Москва режалаштирганидек кечмаяпти. Улар Киевни эгаллаб ололмади. Улар Харьковдан чекинмоқда, уларнинг Донбассдаги асосий ҳужуми тўхтаб қолди. Россия стратегик мақсадларига эриша олмаяпти. <…> Украиналиклар ўз ватанларини жасорат билан ҳимоя қилмоқдалар. Уларга буни амалга ошириш учун иттифоқчилар Украинага хавфсизлик соҳасида миллиардлаб доллар ёрдам берди», — деган сиёсатчи.

Bugun — LIVE