Ўзбекистон Афғонистон билан чегарадаги хавфсизлик даражасини қандай баҳолайди? — видео
Президентнинг махсус вакили Термиз–Ҳайратон чегараси бўйича маълумот берди
Афғонистон муваққат ҳукумати расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид «Толибон» ҳаракатини ўз ҳудудини кенгайтиришга интилмаслиги ва ҳеч қандай террорчи гуруҳларнинг мамлакат ҳудудидан бошқа давлатларга ҳужум қилишига йўл қўймаслигини маълум қилганди. «Bugun.uz» мухбири Ўзбекистоннинг чегарадаги хавфсизлик масаласидаги позицияси қандай эканини билиш мақсадида Президентнинг махсус вакили Исматилла Эргашев билан суҳбатлашди.

Таъкидланишича, ҳукумат Термиз–Ҳайратон чегарасидаги хавфсизликка жиддий эътибор қаратади. Бу борада томонлар ҳамкорлиги йўлга қўйилган бўлиб, бу икки мамлакат учун ҳам жуда муҳим ҳисобланади.
«Бизнинг икки томонлама муносабатларимизда ўзаро хавфсизликни таъминлаш масаласи энг муҳим масалалардан бири десам, муболаға бўлмайди. Ҳақиқатда биз хавфсизлик масалаларига жуда катта эътибор берамиз.
Бир мисол келтирмоқчиман, 2021 йил август воқеаларида ҳам чегарага минглаб одамлар йиғилганди. Одамлар ҳозир бизни сўйишади, ўлдиришади, ёрдам беринглар деб туришганди. Лекин биз Толибон ҳаракати раҳбарияти билан келишиб, бу халқнинг ҳаётини сақлаб қолдик. Уларнинг бирортаси ўлдирилмади, қамалмади.
Шу билан бирга, Амударёдан сузиб ўтган афғон фуқароларини ҳам тинчлик-омонлик билан ватанига қайтардик. Бу ишни ҳам Толибон раҳбарияти билан бирга амалга оширдик. Шунинг учун биз улар билан биргаликда ишлаяпмиз. Улар ҳам афғон–ўзбек чегарасида тинчликни таъминлаш учун жуда катта ҳаракат қилмоқда.
Бу борадаги ҳамкорлигимиз давом этади ва мен ўйлайманки, бу икки мамлакат учун ҳам жуда муҳим. Нафақат Ўзбекистон, балки Афғонистон учун ҳам жуда муҳим. Чунки ҳозирги кунда халқаро майдонда Афғонистонни қўллаб-қувватлаб, уларга ёрдам бераётган, тинчлик учун ҳаракат қилаётган энг муҳим давлатлардан бири Ўзбекистон ва Президент Шавкат Мирзиёевдир», — дейди Эргашев.
Эслатиб ўтамиз, Термиз шаҳри атрофида 18 апрель куни Ўзбекистон ҳарбийлари Афғонистон ҳудудидан ракеталар билан ўққа тутилгани ҳақида хабар тарқалди. Президент матбуот хизмати ҳолат юзасидан расмий маълумот бериб, мазкур янгиликни рад этганди.
Ўзбекистоннинг учувчисиз бошқариладиган учиш аппаратлари 30 апрель куни Афғонистон ҳаво ҳудудини бузиб ўтгани хабар қилинган. Мудофаа вазирлиги бу каби тарқатилаётган хабарлар мутлақо ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилганди.
Шунингдек, Ўзбекистон–Афғонистон чегарасида 4 майга ўтар кечаси отишма содир бўлгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Ташқи ишлар вазирлиги тарқатилган хабарлар ҳақиқатга мос келмаслигини билдириб, чегарада вазият барқарорлигини қайд этган.
Афғонистон муваққат ҳукумати расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид ҳам турли интернет нашрларида пайдо бўлган мақолаларни ёлғон ва асоссиз деб атаганди. У Термиз чегарасида хавфсизлик таъминланишини маълум қилганди.