Жамият - 11:27 · 15.05.2022

Ўзбекистон далаларига Марокаш чигирткалари тарқалиши мумкинми?

Қирғизистоннинг Акси тумани далаларида Марокаш чигирткаси кўпайиб кетгани ва унга қарши чоралар кўрилиши маълум қилинди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мазкур чигиртка галасининг Ўзбекистонга кириб келиш хавфи тўгрисида маълумот берди.

Фото: «Animals Peace»

Қайд этилишича, Ўзбекистон шароитида зарарли чигирткалар хавфини бартараф этиш юзасидан ҳар йили куз ойларида кузги, эрта баҳорги кузатув назорат ишлари олиб борилади, чигирткаларнинг қишлов муддати тугаши, тухумдан чиқиш муддатлари тўғрисида кўп йиллик кузатув асосида кимёвий кураш тадбирлари режалаштирилади ва ўз вақтида ташкил этиш чоралари кўрилади. Ўзбекистонда африка чигирткалари босиб кетиши хавфи тўғрисида хабарлар кузатилмаган.

Республикада ҳозирги пайтда чигирткаларга қарши кураш тадбирлари давлат бюджетидан таъминланадиган Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги таркибидаги чигирткаларга қарши кураш хизматлари томонидан амалга оширилади. Чигирткалар Ўзбекистон ҳудудига тарқалиши мумкин. Ҳозирга қадар чигирткаларни бошқариш механизми ҳеч бир давлатда ишлаб чиқилмаган. Бу хабар огоҳликка чақиради.

Таъкидланишича, ҳар йилгидек қўшни давлатларнинг чегарадош ҳудудларидан Ўзбекистон ҳудудига зарарли чигирткаларнинг учиб ўтиш хавфи мавжуд бўлиб келган. 2022 йилда 50–60 минг гектар майдонга учиб ўтиш хавфи мавжуд. Шундай ҳолат юзага келганда, барча техника воситалари мобилизация қилиниб, кенг қамровли кимёвий ишловлар ўтказилиб, уларнинг кенг майдонларга тарқалиши хавфини бартараф этиш чоралари кўрилади.

2022 йилнинг апрель–май ойларида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан, ҳудудий ҳокимиятлар иштирокида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда «Зарарли чигирткаларга қарши курашиш» мавзусида махсус-тактик ўқув машқлари ҳамда профилактик тадбирлар ўтказилган, чигирткаларга қарши кураш мавсумига тайёргарлик бўйича бир қатор амалий тадбирлар ўтказилган.