Жаҳон - 9:11 · 15.05.2022

Россияга қарши санкциялардан кейин дунёда нималар ўзгаради?

Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев мамлакатга қарши санкциялардан кейин дунёда қандай ўзгаришлар кузатилишини санаб ўтди. У бу ҳақда ўзининг Telegram каналида маълум қилди.

Фото: «SNA News»

Медведевга кўра, биринчи навбатда товарлар етказиб беришда бир қатор глобал занжирлар, йирик логистика инқирози, жумладан Россия ҳудуди орқали парвоз қилиш тақиқланган хорижий авиакомпаниялар фаолиятида жиддий ўзгариш кузатилади. Сиёсатчи яна қуйидаги ўзгаришлар бўлишини прогноз қилган:

  • Россия энергия таъминотига нисбатан санкцияларни қўллаган давлатларда энергетик инқироз кучаяди. Қазиб олинадиган ёқилғи нархининг кейинги ўсиши давом этади ва дунёда рақамли иқтисодиётнинг ривожланиши секинлашади.
  • Халқаро озиқ-овқат инқирози айрим давлатларда очарчилик билан бирга келади.
  • Айрим мамлакатларда бир қатор миллий валюталар барқарорлигига путур етиши, инфляциянинг авж олиши ва хусусий мулкни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий тизимига боғлиқ валюта-молиявий инқирози юзага келиши мумкин.
  • Кўп йиллар давомида вазият тинч йўл билан ҳал этилмаган ёки йирик халқаро ўйинчиларнинг муҳим манфаатлари эътиборга олинмаган жойларда янги минтақавий ҳарбий можаролар юзага келади.
  • Ғарб расмийларининг эътибори сабаб бугун Россия билан ўзаро қарама-қаршиликка қаратилган деб ҳисоблаган террорчилар фаоллашади.
  • Санитария-эпидемиология соҳасида тўғри халқаро ҳамкорликни рад этиш ёки биологик қуроллардан фойдаланишнинг бевосита фактлари туфайли янги эпидемиялар бошланади.
  • Украинадаги вазиятни тартибга солиш жараёнида ўз самарадорлигини исботлай олмаган халқаро институтлар фаолиятида пасайиш кузатилади, масалан, Европа Кенгаши.
  • Мафкуравий англо-саксон мезонларига эмас прагматикларга асосланган янги халқаро иттифоқлар тузилади.
  • Натижада янги хавфсизлик архитектураси яратилади, унда мавжуд воқеликлар де-факто, кейин эса де-юро тан олинади.

Аввалроқ Медведев АҚШ Украинага 40 млрд долларлик ҳарбий ёрдам ажратишига муносабат билдирганди. Шунингдек, Медведев Россия ядро қуролдан фойдаланиши мумкин бўлган 4 та ҳолат маълум қилганди.