Жаҳон - 19:43 · 16.05.2022

Австрия сайёҳлар учун коронавирус талабини олиб ташлади

Австрия хорижлик сайёҳлар учун ўрнатилган барча коронавирус чекловларини бекор қилади. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Туристер.ru»

Эндиликда келувчилардан карантинда бўлиш талаб этилмайди. Эмланганлик сертификати, касаллик гувоҳномаси ва тест натижасининг салбийлигини кўрсатиш бекор қилинган. Бироқ эпидемиологик хавф юқори бўлган мамлакат ва ҳудудлардан келганлар учун мазкур талаб сақлаб қолинади. Жумладан, улар рўйҳатдан ўтиши ва 10 кун давомида изоляцияда қолиши керак. Австрия ҳозир ҳеч бир мамлакатни юқори хавф тоифасига киритмаган.

Мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазият яхшилангани сабабли бир қатор чекловлар олиб ташланган. Эмланганлик сертификати, тиббий маълумотнома ва тест фақат қариялар уйи шифохоналари ва шунга ўхшаш муассасаларга ташриф буюриш учун талаб қилинади. Жамоат транспортида, тиббиёт муассасаларида, супермаркетларда эса тиббий ниқоб тақиш мажбурий ҳисобланади.

Аввалроқ Болгария сайёҳлардан коронавирус талабларини олиб ташлаши ва Туркияда коронавирус чекловларидан бири бекор қилингани ҳақида хабар берилган.

Bugun — LIVE