Жамият, Жаҳон - 21:00 · 16.05.2022

Бугун оқшоми. Ўқувчини урган ўқитувчи, Конституцияни ўзгартириш бўйича таклиф ва эски даврни акс эттирувчи ҳолатлар

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Сурхондарёда ўқитувчи дарсга тайёрланмаган ўқувчини калтаклади.

Скрин: Telegram

Сурхондарё вилояти Бандихон туманида ўқитувчи дарсга тайёрланмаган ўқувчини калтаклади. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби «Bugun.uz»га маълумот берди.

Келтирилишича, 22 апрель куни тумандаги 4-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси 9-синф ўқувчиси дарс машғулотларига тайёргарлик кўрмасдан келгани учун уни урган.

Кейинчалик вилоят Халқ таълими бошқармаси матбуот котиби «Bugun.uz»га ўқитувчи ишдан олинганини маълум қилди. Таъкидланишича, мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Ю.Ш. билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилган. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан терговга қадар суруштирув ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати ҳам ҳолат юзасидан муносабат билдирган.

«Шу ўринда юртимиздаги барча педагогларга болага нисбатан куч ишлатиш мумкин эмаслигини эслатиб ўтмоқчимиз. Халқ таълими вазирлиги ўқитувчи томонидан ўқувчиларга куч ишлатиш ҳолатини кескин қоралайди», дейилади муносабатда. Биз ҳам бунга қўшиламиз, болаларни урманг! Улар келажагимиз.

Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш киритиш таклиф қилинди.

Фото:

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси депутатлари Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклиф билан чиқди.

Маълум бўлишича, Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида депутатлар Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жараёнини бошлаш таклифи билан чиққан.

АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм Ўзбекистонда эски даврни акс эттирувчи ҳолатлар ҳам учраб турганини таъкидлади.

Фото: Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти

Мухбиримизнинг хабар қилишича, Тошкентда 16 май куни бошланган «Декларациялар мулоқоти» халқаро форумида элчи сўнгги йилларда мамлакатда диний бағрикенглик борасида кўплаб қилинган ишлар ҳақида гапириб, бироқ эски даврни акс эттирувчи ҳолатлар ҳам учраб турганини айтган.

«Ўзбекистонга келадиган бўлсак, мамлакатда 2016 йилдан буён жуда катта ўзгаришлар бўлди. 2020 йилда Ўзбекистон диний эркинликни чеклаш борасида махсус кузатиб бориладиган мамлакатлар рўйхатдан чиқариб ташланди. Бу ўтган давр мобайнида Ўзбекистон ҳукумати томонидан қилинган ишларнинг натижасини кўрсатади. Шунингдек, юзлаб сиёсий ва диний махбусларнинг эркинликка чиқарилиши ҳам бунга мисол бўла олади.

Кичик диний гуруҳларнинг рейдлари ҳам тўхтатилди. Бу эса диний эркинлик борасида жуда муҳим қадамлардан эди. Ўзбекистон ҳукумати диний эркинлик борасидаги нозик масалаларни ҳам халқаро ҳамжамият билан муҳокама қилишга тайёрлигини кўрсатди. АҚШ буларни қўллаб-қувватлайди», — деган Дэниел Розенблюм.

Шунингдек, у амалга оширилган ислоҳотлар билан бир қаторда Ўзбекистонда эски даврларни акс эттирувчи ҳолатларни ҳам кўриб турганини қайд этган. Бунга мисол сифатида бир қатор ҳолатларни санаб ўтган.

«Бироқ қилинган ишлардан қатъи назар, охирги пайтларда Ўзбекистонда эски даврларни акс эттирувчи ҳолатларни ҳам кўриб турибмиз. Одамни ташвишга соладиган мисолларни санаб ўтмоқчиман: экстремистик материал туфайли одамларнинг қамалиши, кичик диний ташкилотларнинг рўйхатдан ўтишида уларга тўсиқлар қўйиш, хусусан, вилоят ва туманлар ўртасида, шунингдек, ички ишлар ҳодимлари томонидан соқол қўйган одамларнинг соқолини мажбурлаб олдириб ташлаш ҳолатлари ва бошқалар. Бир нарсани айтмоқчиманки, Ўзбекистоннинг диний бағрикенглик борасида қонун қабул қилиш ҳаракатларидан АҚШ унчалик ҳам хурсанд эмас.

Масалан, мажбурий рўйхатдан ўтиш ҳозир ҳам қонуний талаб бўлиб қолмоқда. Яқинда янгиланган қонун бўйича диний ташкилотларнинг рўйхатдан ўтиш жараёни ҳали ҳам кенг, мураккаблигича қолмоқда, баъзи талаблар халқаро қонун талабларига зид келяпти. Ноқонуний диний адабиётлар одамларнинг ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олинишига олиб келмоқда. Одамларда ўз динларига эркин риоя қилиш имкониятига эга бўлиши керак

Айтиб ўтганимдек, Ўзбекистонда 2016 йилдан бери катта ютуқларга эришилди, лекин шу кунларда айрим нарсалар орқага кетгандиек туюляпти. Орқага кетмайлик, олдинга кетайлик, янада бағрикенгроқ жамият сари ҳаракат қилайлик. Шундай жамият бўлсинки, бу ерда турли хил динларга, кичик динларга ҳам жой бўлсин», — дея таъкидлаган элчи.

Тошкентда Янги йил куни «огнетушитель» портлатган йигитларга ҳукм ўқилди.

Кадр: Telegram / @Toshkentshaharsudlari

Ёдингизда бўлса, Тошкент шаҳридаги «Самарқанд дарвоза» савдо мажмуаси олдида 1 январь куни аҳоли йиғилиб, қўлбола ўт ўчириш мосламасини портлатгани ҳамда ҳолат юзасидан айбдорларга жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар қилгандик.

15 май куни Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида 13 нафар фуқарога оид суд иши кўриб чиқилди. Маълум бўлишича, судланувчи қолганлар билан бир гуруҳ бўлиб, пиротехника воситаларини қонунга зид равишда тайёрлаш, сақлаш, ташиш ва ундан фойдаланиш жиноятини содир қилган.

«Воқеа жойидан 35 метр узоқликда турган эдим. Портлагандан кейин оёғимга тегди, дастлаб сезмадим, кейин бегона болалар оёғим қонаётганини айтди. Кўтариб шифохонага олиб боришди. Тўртта бармоқ cинган деб ташхис қўйилди.

Битта бармоғим олиб ташланди, кейинги операцияда пай ва нервлар уланади. 55 кун даволандим. Судланувчилардан бири моддий ёрдам кўрсатди. Ҳеч кимдан давойим йўқ, судга ҳавола қиламан», — дейди жабрланувчи.

Суд ҳукмига кўра, 5 нафар судланувчига Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Қолган 3 фуқарога эса 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси қўлланилган. Пиротехника воситаларидан фойдаланманг, улар ўта хавфли.

Тошкент вилоятининг Паркент туманига кучли сел келди. «Bugun.uz» мухбири ҳудуд аҳолиси билан суҳбатлашиб, уларнинг мурожаатларини тинглади. Репортажни тўлиқ қуйида томоша қилишингиз мумкин:

Хўш, оламда нима гап?

Туркия Финляндия ва Швецияга NATO’га қўшилиш бўйича талаб қўйди.

Фото: «Eestinen»

Туркия Финляндия ва Швециянинг NATO’га қўшилишига вето қўйиш билан таҳдид қилиб, музокаралар учун очиқлигини эълон қилди.

Аввалроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Финляндия ва Швеция курд мухториятини яратиш учун курашаётган курдларни қўллаб-қувватлашини, Анқара эса уларни террорчи деб ҳисоблашини айтган.

«Турк халқининг катта қисми Курд Олий Кенгашининг қуролли тузилмаларини қўллаб-қувватлаётган мамлакатларнинг NATO’га аъзо бўлишига қарши. Шунинг учун улар биздан бу мамлакатларни аъзоликка қўшишни блокировка қилишни сўрамоқда. Албатта, бу NATO’даги иттифоқчиларимиз ва унга қўшилмоқчи бўлган давлатлар билан олиб бориладиган масала саналади», —  деган Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғлу Берлиндаги альянс ташқи ишлар вазирлари йиғилишида.

Шу билан бирга, Анқара Финляндия ва Швециядан курдларни қўллаб-қувватлашни тўхтатиш ҳақида кафолат беришни талаб қилган. «Хавфсизлик кафолатлари бўлиши керак. Бу давлатлар террорчилик ташкилотларини қўллаб-қувватлашни тўхтатиши керак. Туркия каби иттифоқчи учун экспорт чекловлари ҳам олиб ташланиши зарур», — деган турк дипломати.

Финляндия ташқи ишлар вазири Пекка Ҳаависто эса келишмовчиликларни бартараф эта олишига ишонишини айтган. «Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғлуга тарангликни юмшатиш учун қўнғироқ қилдим. Ишончим комилки, бу масалада ечим топамиз», — деган у.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Bugun — LIVE